Жалолиддин Машарипов сабаб “Сепаҳон” “Истиқлол”ни судга бермоқчи — манба

Жалолиддин Машарипов билан боғлиқ вазият туфайли “Сепаҳон” клуби “Истиқлол”ни судга бермоқчи, дея хабар бермоқда манба.
Эроннинг “Сепаҳон” футбол клуби ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машариповнинг рўйхатдан ўтказилиши ва ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинда майдонга туширилгани юзасидан “Истиқлол” жамоаси устидан шикоят тайёрламоқда. Фоотбалли нашрининг маълумотига кўра, “Сепаҳон” раҳбарияти дастлаб бу масалани Эрон футбол федерациясининг Интизом қўмитаси орқали ҳал қилишни режалаштирган. Агар клуб маҳаллий қўмитадан қониқарли жавоб ололмаса, иш халқаро спорт ташкилотларига оширилиши мумкин.
Клубнинг эътирози асосан иккита жиддий масалага қаратилган. Биринчидан, “Истиқлол” Машариповни ФИФА томонидан клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқланган бир пайтда қайдномага киритган. Иккинчидан, футболчи мавсум бошида “Истиқлол” қайдномасидан чиқарилганига (амалдаги шартномаси сақланиб қолган ҳолда) қарамай, қишки трансфер ойнаси расман очилишидан олдин яна жамоа рўйхатига киритилган. “Сепаҳон” вакилларининг таъкидлашича, Машариповнинг ҳолати трансфер ойнаси ёпиқ пайтда футболчини қайта рўйхатдан ўтказишга рухсат берувчи махсус ҳолатларга тўғри келмайди ва улар бу жараён ФИФАънинг қайси қоидаларига асосланиб амалга оширилганига ойдинлик киритишни талаб қилмоқда.
Агар ушбу шикоят ўринли деб топилса ва “Истиқлол” қоидабузарликка йўл қўйгани тасдиқланса, ўзбекистонлик футболчининг ўзаро ўйинда майдонга тушгани қонуний жиҳатдан қайта баҳоланади. Натижада ўйин ҳисоби бекор қилиниб, бунинг ортидан Эрон чемпионатидаги умумий турнир жадвалига жиддий ўзгаришлар киритилиши эҳтимоли мавжуд. Манбанинг таъкидлашича, “Сепаҳон” раҳбариятининг мазкур масалани айнан ҳозир кўтариб чиқаётгани ўтган мавсум ғолибини эълон қилиш ва унга чемпионлик кубогини топшириш жараёни яқинлашгани билан бевосита боғлиқ.

