Спорт

Остон Ўрунов “Персеполис” мураббийи билан зиддият сабаб жамоани тарк этиши мумкин

Остон Ўрунов "Персеполис" мураббийи билан келишмовчилик туфайли жамоани тарк этиши мумкин

Эроннинг "Персеполис" клубида ўйнаётган ўзбекистонлик футболчи Остон Ўрунов ва жамоанинг янги бош мураббийи Меҳди Тартар ўртасида тушунмовчилик юзага келгани хабар қилинмоқда. Эрон нашрларининг маълумотларига кўра, бу ҳолат футболчининг қишки трансфер ойнасида жамоани тарк этишига сабаб бўлиши мумкин.

Мухлислар томонидан сўнгги йилларда Эрон чемпионатига келган энг яхши легионерлардан бири сифатида эътироф этиладиган Ўрунов ўтган мавсумда "Персеполис"нинг чемпионлигига катта ҳисса қўшган эди. Бироқ кейинчалик олган жароҳатлари унинг ўйин амалиётига таъсир кўрсатди.

Янги мавсум олдидан жамоа бошқарувига келган Меҳди Тартар ўзбекистонлик вингернинг ўйин услубига етарлича ишонч билдирмаётгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, мураббий ва футболчининг тактик талаблар бўйича қарашлари турлича бўлиб, бунинг оқибатида Ўрунов асосий таркибдаги жойини йўқотган. Нашрлардан бирининг ёзишича, Тартар Ўруновдан майдонда муайян вазифаларни бажаришни талаб қилмоқда, бироқ вингер буни тўлиқ оқлай олмаяпти.

Манбаларнинг таъкидлашича, "Истиқлол Ҳузистон"га қарши ўйиндан сўнг мураббий ва ўйинчи ўртасида умуман мулоқот бўлмаган. Жамоа сардори Муҳаммадҳусайн Кананизадегон вазиятни юмшатишга уриниб, Ўруновдан сабрли бўлишни сўраган. Аммо ўзининг жисмоний ҳолатини яхши баҳолаётган футболчи захирада қолдирилаётганини ўзига нисбатан ноҳақлик деб ҳисобламоқда. Муаммо тўлиқ ҳал этилмагунча, унинг асосий таркибга қайтиши сўроқ остида қолмоқда.

Мазкур вазият Эрон чемпионатининг сўнгги турида Табризнинг "Трактор" жамоасига қарши кечган учрашувда (0:1) янада яққол кўзга ташланди. Мавсумни иккита ғалаба билан бошлаган теҳронликлар бу сафар мағлубиятга учради.

Ушбу баҳсда Меҳди Тартар Остон Ўруновни ҳам, жамоанинг яна бир ўзбекистонлик ҳужумчиси Игор Сергеевни ҳам майдонга туширмади. Қайд этиш лозимки, Ўрунов жорий мавсумнинг дастлабки 3 та ўйинида бирор марта ҳам асосий таркибда майдонга тушмаган.

Мухлислар ижтимоий тармоқларда мураббийни ўзбекистонлик легионерлардан фойдаланмагани учун танқид қилган. Тартар эса ўйиндан кейинги матбуот анжуманида буни қуйидагича изоҳлади: "Сергеев ва Ўруновнинг майдонга тушмагани — бу техник қарор. Барча чизиқларда яхши ўйинчиларимиз бор ва ким майдонга тушишини мураббийлар штаби ҳал қилади".

Вужудга келган ушбу ҳолат фонида "Персеполис"нинг рақибларидан бири бўлган "Трактор" клуби вазиятни кузатиб бормоқда. Тарқалган маълумотларга кўра, табризликлар қишки трансферлар ойнасида Остон Ўруновни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Ҳозирча вазият қандай ривожланиши ва Меҳди Тартар кейинги турларда Ўруновга имконият бериш-бермаслиги номаълум бўлиб қолмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.