Жаҳон матбуоти шарҳи
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Реутерс ва АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотлари асосида АҚШда ишлаб чиқарувчилар нархлари инфлясиясининг тезлашиши, Хитойнинг гўшт ва сут маҳсулотлари экспорти ўсиши ҳамда жаҳон бозорида мазут тақчиллиги ва нархлар динамикасини таҳлил қилди.

Жаҳон матбуоти шарҳи
**АҚШда ишлаб чиқарувчилар нархлари инфлясияси сўнгги 4 йилдаги энг юқори даражага чиқди**
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси (БЛС) маълумотларига кўра, 2026 йил сентябр ойида ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси (ППИ) бир ойда 1,3 фоизга ошиб, 2022 йил бошидан бери энг юқори ўсиш суръатини қайд этди. Бунга асосан энергия ресурслари нархининг кўтарилиши сабаб бўлиб, бунинг оқибатида транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари ҳам ошди.
Энергия ресурслари нархи 10,8 фоизга, жумладан, бензин 20,3 фоизга, дизел ёқилғиси 21 фоизга қимматлашди. Йиллик ҳисобда дизел ёқилғиси 115,2 фоизга ошди. Натижада автомобил транспортида юк ташиш нархлари ўтган йилнинг сентябр ойига нисбатан 19 фоизга кўтарилиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори ўсиш суръатини кўрсатди.
Оралиқ ишлаб чиқаришнинг дастлабки икки босқичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йиллик ҳисобда 15,6 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи нархлари эса бир ойда 1,2 фоизга ошди. Хизматлар соҳасида нархларнинг ойлик ўсиш суръати августдаги 0,2 фоиздан сентябрда 0,8 фоизгача тезлашди.
Умуман олганда, товарлар бўйича ишлаб чиқарувчилар нархлари бир ойда 2,6 фоизга ошди. Бу 2009 йил декабрда мазкур статистика юритила бошланганидан бери энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Ушбу ўсишнинг 80 фоиздан ортиғи энергия ресурслари нархининг қимматлашиши ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, савдо хизматлари соҳасида савдо маржаси 1,4 фоизга ошиб, хизматлар нархлари умумий ўсишининг қарийб ярмини таъминлади.
**Хитой гўшт ва сут маҳсулотлари экспортини оширмоқда**
Хитойнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш сиёсати натижасида гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, ички талабдан ошиб кетди. Юзага келган ортиқча маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда.
Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилда паррандачилик маҳсулотлари экспорти 2,6 млрд долларга етиб, 2020 йилга нисбатан икки баробар ошди. Хитой илк бор товуқ гўштининг соф экспортчисига айланди. Прогнозларга кўра, 2026 йилда сут маҳсулотлари экспорти 600 млн долларга етиб, сўнгги уч йилда икки баробар ошади.
Нарх бўйича устунлик экспорт ҳажмини ошириш омилларидан бирига айланмоқда. Хусусан, Хитой парранда гўшти маҳсулотлари хорижий харидорларга Бразилия ва Таиланднинг шу турдаги маҳсулотларига нисбатан бир тоннаси 1 минг доллар арзонроқ нархда таклиф этилмоқда. Хитой корхоналари ҳозирда 20 дан ортиқ мамлакатга гўшт маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Европа комиссияси Хитойдан ўрдак гўшти импорти бўйича антидемпинг текширувини бошлади, шунингдек, Хитойда ишлаб чиқарилган нўхат оқсилига 41–67 фоиз миқдорида божлар жорий этди. Шу билан бирга, 2025 йилда Хитойнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташқи савдосидаги тақчиллик 100 млрд доллардан юқори даражада сақланиб қолди.
**Жаҳон бозорида мазут тақчиллиги нархлар ўсишини қўллаб-қувватламоқда**
Реутерс маълумотларига кўра, 2026 йил феврал ойига нисбатан Ормуз бўғози орқали юқори олтингугуртли мазут (ҲСФО) етказиб бериш ҳажми ойига камида 800 минг тоннага қисқарди.
Кплер маълумотларига кўра, 2025 йил январидан 2026 йил февралигача Ормуз бўғози орқали мазут экспортининг ўртача ойлик ҳажми 3,7 млн тоннани ташкил этган. Етказиб бериш ҳажмининг қўшимча қисқариши Россия нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятидаги узилишлар билан боғлиқ бўлиб, улар туфайли мазут ишлаб чиқаришдаги ойлик йўқотишлар 1 млн тонна деб баҳоланмоқда.
Таклиф чекланган шароитда октябр ойида қовушқоқлиги 380 сантистокс (сСт) бўлган юқори олтингугуртли мазутнинг базавий нархига қўшиладиган устама 10 баробарга ошиб, февралдаги бир тонна учун 5,1 доллардан октябрда 50 долларгача етди. Шунингдек, денгиз орқали ташиш харажатларининг ошиши ва Ормуз бўғози орқали юк ташиш билан боғлиқ хавфлар етказиб бериш қийматининг ошишига қўшимча таъсир кўрсатмоқда.
Саудия Арабистонидан хом нефт етказиб беришдаги узилишлар сабабли Шимолий Осиёдаги нефтни қайта ишлаш заводлари мазутдан муқобил хомашё сифатида фойдаланишни оширмоқда. Ноябр ойида юқори олтингугуртли мазутни қайта ишлаш ҳажми 1 млн тоннадан ошади.
Шу билан бирга, кемалар учун муқобил ёқилғи турларига талаб ортиб бормоқда.
Сингапур Денгиз ва порт маъмурияти маълумотларига кўра, 2026 йил январ-сентябр ойларида кемаларни ёқилғи билан таъминлаш (бункеровка) учун суюлтирилган табиий газ сотуви 487,1 минг тоннага етиб, йиллик ҳисобда 21 фоизга ошди. Витол компанияси ҳам кемаларни ёқилғи билан таъминлаш фаолияти географиясини кенгайтирмоқда. Жумладан, Форс кўрфазидаги анъанавий таъминот йўналишларига муқобил сифатида Покистоннинг Гвадар портидан фойдаланишни йўлга қўймоқда.

