Дунё матбуоти шарҳи
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Reuters, Bloomberg, The Economic Times ва АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотлари асосида жаҳон иқтисодиётидаги сўнгги ўзгаришларни таҳлил қилди.

Дунё матбуоти шарҳи
BlackRock фонд бозорининг кўтарилиши фонида активларини оширди (
BlackRock инвестиция компанияси III чорак якунларига кўра бошқарувдаги активларини ўтган йилнинг мос давридаги $13,46 трлнга нисбатан 15% га, $15,49 трлнгача оширди. Мижозлар маблағларининг соф оқими $205 млрд ни ташкил этди, шундан $134,5 млрд iShares биржа фондлари ҳиссасига тўғри келди. Активлар ўсишига АҚШ фонд бозоридаги котировкаларнинг кўтарилиши ҳам ёрдам берди.
Компаниянинг чораклик тушуми $7,8 млрд га етди ва таҳлилчиларнинг $7,5 млрд лик прогнозидан ошиб кетди. Бир акция учун тўғри келадиган тузатилган фойда 38% га ошиб, $14,13 лик прогноз қилинганда $15,93 ни ташкил этди.
Ҳисобот эълон қилингач, BlackRock акциялари савдолар давомида 5% га қимматлашди.
BlackRock раҳбари Ларри Финкнинг баҳолашича, ҳисоблаш қувватлари қимматли қоғозлар чиқариш учун асос бўладиган янги турдаги инвестиция активларига айланиши мумкин.
Сўнгги 12 ой ичида BlackRock хусусий бозорларга инвестициялар учун $68 млрд, жумладан хусусий кредитлашга $25 млрд жалб қилди.
Дизель ёқилғиси етказиб бериш чекланганлигича қолади (
Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) баҳолашича, жаҳон дизель ёқилғиси бозори 2027 йилнинг биринчи ярмигача дефицит шароитида қолади. Яқин Шарқ ва Россиядан етказиб беришдаги узилишлар асосий сабаб бўлди. Сентябрь ойида ушбу минтақалардан дизель ёқилғиси экспортининг умумий қисқариши кунига 1,3 млн баррелни ёки жаҳон талабининг 4,5% ини ташкил этди.
Етказиб беришнинг камайиши дунё захираларининг қисқаришига ва нархларнинг ошишига олиб келди. Сентябрь ойида дизель ёқилғисининг жаҳон нархлари бир баррель учун $200 дан ошди. Пасайишга қарамай, нархлар инқирозгача бўлган даражадан икки баравар юқорилигича қолмоқда. Дизель ёқилғисини қайта ишлаш маржаси бир баррель учун $95 га етди. ХЭА баҳолашича, юқори нархлар транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларини оширади, инфляцияни кучайтиради ва иқтисодий ўсишни секинлаштиради.
ХЭА нефть қайта ишлаш заводларининг қайта тикланиши тўпланиб қолган дефицитнинг ўрнини қоплай олмайди деб ҳисоблайди. ХЭА мамлакатлари стратегик резервлардан 426 млн баррель нефть ажратишни келишиб олдилар. Агентлик прогнозига кўра, 2026 йилда жаҳон нефть етказиб бериши кунига 5,8 млн баррелга қисқаради, 2027 йилда эса кунига 7,7 млн баррелга ортади.
Хитой қувватлар ортиқчалиги сабабли қуёш панеллари ишлаб чиқаришни қисқартирмоқда (
Эсономистимес
Reuters маълумотларига кўра, Хитойнинг бешта энг йирик қуёш панеллари ишлаб чиқарувчиси Longi, Trina Solar, Jinko Solar, JA Solar ва Tongwei 2025 йилда ходимлар сонини 21% га ёки 40,6 минг кишига қисқартирди (2024 йилда 31%).
Қисқартиришларнинг асосий сабаби ишлаб чиқариш қувватларининг ортиқчалиги бўлиб, улар қуёш панелларига бўлган жаҳон талабидан икки баравар юқори.
Юқори рақобат нархларнинг тушишига ва ишлаб чиқарувчиларнинг зарар кўришига олиб келди. Қуёш модулларининг ўртача нархи 2019 йилдаги кВт учун $350 дан 2025 йилда $130 гача камайди, операцион рентабеллик эса минус 13% гача тушди.
2026 йилда вазият талабнинг пасайиши билан янада мураккаблашди. Jefferies прогнозига кўра, Хитойда янги қуёш қувватларини фойдаланишга топшириш 150–200 ГВт ни ташкил этади (2025 йилда 315 ГВт). Шу билан бирга, Хитой қуёш панеллари экспорти январь–август ойларида 10% га камайди.
АҚШда инфляция тезлашди (
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, 2026 йил сентябрь ойида йиллик инфляция августдаги 3,4% га нисбатан 3,7% гача ўсиб, 0,3 фоиз бандга ошди.
Озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархлари ҳисобга олинмасдан ҳисобланадиган базавий инфляция 2,4% дан 2,6% гача кўтарилди. Истеъмол нархларининг ойлик ўсиши августдаги 0,4% дан сентябрда 0,6% гача тезлашди.
Инфляциянинг тезлашишига энергия ресурсларининг қимматлашиши асосий ҳисса қўшди. Бир ой ичида бензин нархи 9,1% га, умуман энергия ресурслари нархи эса 5,2% га ошди. Йиллик ҳисобда ўсиш тегишлича 34,2% ва 20,4% ни ташкил этди. Истеъмол нархлари ойлик ўсишининг ярмидан кўпи бензин ҳиссасига тўғри келди.
Инфляциянинг тезлашиши АҚШ Федерал резерв тизимининг фоиз ставкалари бўйича қарорларига таъсир қилиши мумкин. Юқори ставкаларнинг сақланиб қолиши компаниялар ва банклар учун қарз олиш қийматини, жумладан узоқ муддатли инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда оширади.

