Жаҳон банки 2026 йилда хомашё нархлари 23 фоизга ошишини кутмоқда
Жаҳон банки прогнозига кўра, 2026 йилда энергия ташувчилар 32% га, металлар — 25% га, қимматбаҳо металлар — 40% га қимматлашади, Brent нархи эса $91 ни ташкил этади.

Жаҳон банки 2026 йилда хомашё товарлари 23 фоизга қимматлашишини кутмоқда
2026 йилда жаҳонда хомашё нархлари 23 фоизга ошади, 2027 йилда эса, прогнозга кўра, 7 фоизга пасаяди. Энергия манбалари қиймати 32 фоизга кўтарилади, бунда Brent нефтининг ўртача нархи 2025 йилдаги 69 долларга нисбатан бир баррель учун 91 долларни ташкил этади. Бундай прогноз 28 октябрь куни эълон қилинган Commodity Markets Outlook янги ҳисоботида келтирилган. Бу ҳақда Жаҳон банки хабар беради.
Банк баҳолашига кўра, Яқин Шарқдаги можаро нефть захираларини камайтирди ва энергия манбалари нархини тўрт йиллик энг юқори даражага етказади. Энергия нархларининг кўтарилиши уч йиллик пасайишни тўхтатади, 2027 йилда эса ўсиш суръатлари секинлашади, шундан сўнг Brent нархи 79 долларгача арзонлашади. 2026 йилда жаҳонда нефть таклифи 5,2 фоизга қисқаради — бу инқирозли 2020 йил ҳисобга олинмаса, 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кескин пасайишдир. Истеъмол 2,5 фоизга камаяди. Шу билан бирга, қазиб олиш талабдан паст даражада қолади, шу сабабли захиралар қисқаришда давом этади.
Европада табиий газ нархлари 2026 йилда 58 фоизга ўсиб, миллион британ иссиқлик бирлиги учун 19 долларни ташкил этади.
Японияда суюқлаштирилган газ 67 фоизга қимматлашиб, 20 долларга етказилади.
Озиқ-овқат 2026 йилда тахминан 10 фоизга, 2027 йилда эса яна 7 фоизга, яъни жами 18 фоизга қимматлашади. Можаро сабабли ғалла етказиб беришдаги узилишлар, Эль-Ниньо туфайли ҳосил учун хавф-хатарлар, шунингдек, ёқилғи ва ўғитларнинг юқори нархлари бунга сабаб қилиб кўрсатилган. Буғдой 2026 йилда 28 фоизга қимматлашиб, тоннаси 311 долларни, 2027 йилда эса яна 13,5 фоизни ташкил этади. Пахта нархи 14 фоизга ўсиб, килограмми учун 1,95 долларни ташкил этади. Ўғитлар 14 фоизга қимматлашади, лекин 2027 йилда 2025 йил даражасига қайтади. Карбамид 2026 йилда нарх жиҳатидан 21 фоизга ўсади.
Металлар нархи 2026 йилда 25 фоизга ошади ва янги рекордга этади. Алюминий, мис ва қалай аллақачон тарихий максималларини янгилади. Мис 33 фоизга қимматлашиб, тоннаси учун 13,2 минг долларни, алюминий — 24 фоизга, қалай — деярли 50 фоизга ошади.
Банк баҳолашига кўра, ўсиш қайта тикланадиган энергетика, электромобиллар ва дата-марказлар ишлаб чиқариши томонидан бўлган талаб, шунингдек, етказиб беришдаги узилишлар билан қўллаб-қувватланмоқда. 2027 йилда металлар 3 фоизга арзонлашади.
Қимматбаҳо металлар ҳимоя активларига юқори талаб фонида 40 фоизга қимматлашади. Алтиннинг ўртача нархи 2026 йилда бир унция учун 4600 долларни ташкил этади, бу 2025 йил даражасидан 34 фоизга юқоридир. Кумуш 76 фоизга қимматлашиб, 70 долларга, платина — 53 фоизга ошади. 2027 йилда алтин 4250 долларгача пасаяди, бироқ қимматбаҳо металлар 2015–2019 йиллардаги ўртача даражадан уч баравардан кўпроқ қиммат бўлиб қолаверади.
Прогноз дунёдаги хомашё етказиб беришга таъсир қилувчи можаролар сезиларли даражада шиддатлашмайди деган тахминга асосланган. Ноқулай сценарийда, Яқин Шарқдаги эскалация, Россиянинг нефть инфратузилмасига етказилган зарарнинг сақланиб қолиши, Қора денгизда ғалла ташишга қилинган ҳужумлар ва жуда кучли Эль-Ниньо шароитида Brent 2027 йилда ўртача 105 долларни ташкил этиши мумкин.
Бундай ҳолда, озиқ-овқат базавий прогнозга нисбатан 12 фоизга қимматроқ бўлиб чиқади ва 2022 йил даражасидан ошиб кетади.
«Хомашё бозорлари бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик ларзаларни бошдан кечирмоқда. Энергия қийматининг ўсиши ва савдодаги узилишлар кенг турдаги товарлар нархини оширмоқда, бу эса инфляцияни, озиқ-овқат беқарорлигини кучайтириш ва иқтисодий ўсишни секинлаштириш билан таҳдид солади», — деди Жаҳон банки бош иқтисодчиси ўринбосари Айхан Косе. Унинг сўзларига кўра, аҳолининг энг камбағал қатламларини ҳимоя қилиш ҳамда даромади паст ва қарзи юқори бўлган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифага айланиши керак.
Мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки гуруҳи амалдаги инструментлар орқали 50 дан 60 млрд долларгача, жумладан, 25 млрд доллар олдиндан келишилган молиялаштиришни ажратди. Бу маблағлар энг заиф гуруҳларни ижтимоий ҳимоя қилишга, бюджетларни мустаҳкамлашга ҳамда корхоналар ва фермер хўжаликларининг айланма капиталини тўлдиришга йўналтирилиши мумкин.

