“Ислом бухарский”, кафедаги “разбор” ва $3 минг – Чирчиқда жиноятни босди-босди қилмоқчи бўлган ИИБ ходимлари қамалди
Чирчиқ шаҳрида профилактика инспектори зўравонлардан 2700 доллар олиб, шундан 1000 долларини жабрланувчига берган. Бу билан ишни босди-босди қилишга уринган. Инспектор жабрланувчига яна 300 доллар берган вақтида ушланган. У билан бирга Чирчиқ шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи лавозимида ишлаган ходим ҳам судланди.

“Ислом бухарский”, кафедаги “разбор” ва $3 минг – Чирчиқда жиноятни босди-босди қилмоқчи бўлган ИИБ ходимлари қамалди
Чирчиқ шаҳрида икки нафар ИИБ ходими жиноий жазога тортилди.
Суд ҳукмига кўра, жабрланувчи Ш.М. 2026-йил 17-феврал куни овқатланиш учун таниши билан Чирчиқ шаҳридаги “Бек” номли кафега борган. Шу пайт кафенинг умумий залида маст аёл атрофдагилар билан жанжаллаша бошлаган. У администратор қиз билан ҳам тортишган. Ш.М. жанжални тўхтатиш мақсадида аёлларни ажратишга уринган. Шунда маст аёл “Сен аралашма, қоч бу ердан”, деб уни нари кетказган.
Орадан кўп ўтмай, ўша аёл Ш.М. ўтирган стол ёнига келиб, барчани суратга олган ва “Ҳозир ўғлим Умид билан Ислом бухарский келади” деб чиқиб кетган.
Шундан кейин тахминан 20 дақиқа ўтгач, кафега бир нечта шахс келган. Ш.M.ga уни ташқарида “Ислом бухарский” чақираётганини айтишган. Ш.М. ташқарига чиқиб, унинг олдига борган.
“У билан тахминан 10 нафар йигит келганини кўрдим. Улар билан бирга ИИБ ППХ ходимлари ҳам туришганди. “Ислом бухарский” мени кўриб, “Бўлди, қайтиб кириб кетавер” деди. Шунда йигитларнинг бири қўлимдан тортиб, ўзига қаратганида ортимдан Умид жағ қисмимга кутилмаганда мушти билан урди. Ерга йиқилдим. Йигитлар турғизишди. Кафе ичкарисига кириб, қонаган жойларимни ювдим.
Сўнгра ташқарига чиққанимда ҳамма кетиб бўлган экан. Уйга кетиш учун йўл четига чиқиб, такси тўхтатиб турган вақтимда олдимга давлат рақами ечилган оқ рангли Гентра келди. Йўловчи ўриндиқ томонидан ўзини Ислом деб таништирган шахс тушди. У “Умид менинг ўртоғим бўлади, агар жажданг бўлса сўравол, эртага кўришамиз” деди ва ўзининг телефон рақамини берди.
Шундан сўнг, халиги йигитлардан 4-5 нафари келди. Улардан “Гера” (Қурбонали Супонов - таҳририят) лақаблисини танирдим. Мени кафе автотураргоҳида турган Эпика машинасига ўтирғизмоқчи бўлишди. Улардан қочиб кетдим. Ортимдан қувишди. Тахминан бир километр масофагача қочиб, кейин чарчаб тўхтадим. Машинада ортимдан келган шахслар тушиб, “Гера” бир мушт урди. Қолганлари оёқлари билан тепишди. Шу билан нима бўлганини эслолмайман”, деган Ш.М. суддаги кўрсатмасида.
Калтакланган Ш.М. тез тиббий ёрдам машинасида Чирчиқ шаҳар марказий шифохонасига олиб борилган. Сўнгра ИИБ ходимлари келиб, уни жанжал содир бўлган ҳудуддаги ИИБ биносига олиб кетишган.

