Сирдарёда жиноят содир қилган 2 нафар ИИБ ходими қамалди
Ховос тумани ИИБнинг икки ходими жиноий ишни маъмурий ҳуқуқбузарликка айлантириб бериш ваъдаси билан фуқародан 35 млн сўм талаб қилишган. Улар келишилган маблағнинг бир қисмини олаётганда тезкор тадбирда ушланган. Суд уларни пора олиш ва далилларни қалбакилаштириш жиноятларида айбли деб топди.

Сирдарёда жиноят содир этган 2 нафар ИИБ ходими қамалди
Сирдарёда 2 нафар ИИБ ходими жиноий жазога тортилди.
Маълум қилинишича, Ховос туманидаги фермер хўжалиги раҳбари ер майдонида содир этилган ноқонуний ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилган. У ўзига етказилган зарар катта миқдорда эканини билдириб, тегишли тартибда жиноий иш қўзғатилиб, айбдорга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Аризага кўра, мазкур жиноятни содир этган шахс аниқланган, у фермерга 30-40 млн сўм атрофида зарар етказгани маълум бўлган. Ховос тумани ИИБнинг икки ходими ушбу жиноятни яшириш мақсадида ўзлари сохта далиллар тайёрлаган: улар фермерга гумондор 30 млн сўм зарарни қоплай олмаслигини, ундан 10-12 млн сўм атрофида ундириб беришларини айтишган. Фермер хўжалиги раҳбари бунга рози бўлган.
Шундан кейин ходимлар гумондор шахсни қўрқитиб, фермерга 50 млн сўм зарар етказганини, ушбу суммани тўламаса қамалиб кетишини айтишган. Гумондор аввалига 24 млн сўм олиб келган. Ходимлар бу пулнинг 12 млн сўмини жабрланувчига берган ҳамда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаслигини, иш суддан маъмурий тартибда ўтишини билдирган.
Ходимлар келишилган 35 млн сўмдан қолган 11 млн сўмни олаётган пайтда тезкор тадбирда қўлга олинган.
ЖИБ Сайхунобод туман суди ҳукми билан собиқ ходимлар пора олиш ва далилларни қалбакилаштириш жиноятларини содир этишда айбли деб топилган. Улардан бирига 5 йил 1 ой, иккинчисига 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд томонидан шу каби жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича хусусий ажрим чиқарилиб, Сирдарё вилояти ИИБга юборилган.

