Ишчилар инсон қолдиқларига дуч келишди ва 572 кишилик оммавий қабрни аниқлашди
Шри-Ланка шимолидаги ишчилар тасодифан мамлакатдаги энг йирик оммавий қабрни аниқлашди ва бу фуқаролар уруши жароҳатларини қайта янгилади.

Ишчилар инсон қолдиқларига дуч келишди – ва 572 киши дафн этилган оммавий қабр борлигини аниқлашди
Жаяруби Жаябалан 12 ёшда эди, ўшанда унинг отаси Кандаиах Жаяпалан бедарак йўқолган
Ўтган йилнинг февраль ойида Шри-Ланка шимолида топилган оммавий қабр атайлаб эмас, балки тасодифан аниқланган.
Ишчилар Жафна минтақасининг Чеммани ҳудудида кремация майдонини кенгайтириш учун ер қазиш ишларини олиб бораётганда, кутилмаганда инсон қолдиқларига дуч келишган ва бу тергов бошланишига сабаб бўлган.
Август ойига келиб, археологлар ушбу жойда қазиш ишларининг учинчи босқичини якунладилар ва у ерда 572 кишининг, жумладан, болалар ва чақалоқларнинг суяк қолдиқларини аниқладилар.
Марҳумлар билан бирга шахсий буюмлар, жумладан, билакузуклар, мактаб сумкаси ва сут шишаси ҳам топилган.
Бу Шри-Ланкада шу пайтгача топилган энг катта оммавий қабр деб ҳисобланмоқда.
Бу ҳақда илгари ҳам миш-мишлар юрган эди. Мамлакатдаги шафқатсиз фуқаролар уруши пайтида ёш аёлни зўрлаш ва ўлдиришда айбланиб судланаётган аскар юзлаб жасадлар бўлган оммавий қабр ҳақида гапирган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари қурбонлар бедарак йўқолган тинч аҳоли вакиллари эканини айтишган.
Аммо далил йўқ эди — ҳозиргача.
Бу кашфиёт юракни тирнаса-да, отаси ўнлаб йиллар давом этган уруш пайтида бедарак йўқолган минглаб одамлар қаторида бўлган Жаяруби Жаябалан каби инсонларга умид бағишлади. Жаябалан ва у каби оилалар жасадлар уларнинг яқинларига нима бўлгани ҳақидаги саволларга жавоб бериши мумкинлигидан умидвор.
Кўпчилик тамиллар қабрда фуқаролар уруши пайтида судсиз қатл этилган қурбонлар борлигига ишонишади. Улар тергов ўтказилишини ва адолат қарор топишини талаб қилмоқдалар.
Бироқ, Чемманидаги қазиш ишлари секин давом этмоқда, бу эса йўқолган қариндошлари ҳақида ҳамон жавоб излаётган оилаларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда.
Аллақачон аниқланган оммавий қабр яқинидан яна юзлаб қолдиқларнинг топилиши, узоқ вақтдан бери бедарак йўқолишлар бўйича тўлиқ текширув ўтказишни талаб қилиб келаётган тамиллар орасида ғазабни кучайтирди.
Кўпчилик ҳақиқатни очиш учун сиёсий ирода йўқлиги сабабли қабр охир-оқибат жамоатчилик эътиборидан четда қолишидан хавфсирамоқда — шу боис бу жой Шри-Ланка шимолидаги янги норозилик намойишларининг марказига айланди.
Шри-Ланка, айниқса тамиллар кўпчиликни ташкил этувчи шимолий ва шарқий ҳудудлар, ўнлаб йиллар давом этган можароларни бошдан кечирди. 1983 йилдан 2009 йилгача давом этган уруш орол давлатни этник чизиқлар бўйлаб бўлиб юборди. «Тамил иломи озодлик йўлбарслари» исёнчилари сингаллар устунлик қиладиган ҳукумат томонидан тизимли камситишларга дуч келаётганликларини рўкач қилиб, мамлакат шимоли-шарқида мустақил давлат барпо этиш учун курашдилар.
Можаро 26 йил давом этди ва тахминларга кўра, 100 000 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Шунингдек, у 23 000 га яқин одамни — асосан тамилларни — бедарак йўқотди.
Хавфсизлик кучлари ҳам, «Тамил йўлбарслари» ҳам шафқатсизликлар ва жиноятларда айбланмоқда.
Қабр жойидан топилган шахсий буюмлар орасида болалар шишаси ҳам бор эди.
1995 йилда, қонли жангдан сўнг, Шри-Ланка армияси Жафна ярим оролини «Тамил иломи озодлик йўлбарслари» (ТИОЙ) назоратидан тортиб олди. Бу урушдаги муҳим бурилиш нуқтаси деб ҳисобланди ва уруш 2009 йилда «Йўлбарслар»нинг мағлубияти билан якунланди.
1990-йилларнинг охирида назорат кенгайгани сабабли, бутун Чеммани ҳудуди армия лагерлари, назорат-ўтказиш пунктлари ва хавфсизлик постлари билан тўла юқори хавфсизлик зонасига айланди. Чемманидаги қабристон яқинида ҳам армия лагери бор эди.
Ўша пайтда баъзилар Жафна минтақасини «очиқ қамоқхона» деб таърифлашган — ва хавфсизлик кучлари минглаб тинч аҳолининг бедарак йўқолишига сабаб бўлганликда айбланган, буни Шри-Ланка ҳукуматлари изчил равишда инкор этиб келган.
«1996 йил сентябрь ойида отам Чеммани ҳудуди яқинидаги назорат-ўтказиш пунктида Шри-Ланка армияси томонидан олиб кетилганида мен 12 ёшда эдим. Унга нима бўлганини ҳали ҳам билмаймиз», дейди ҳозирда Жафнада яшовчи Жаяруби Жаяпалан BBC билан суҳбатда.
Унинг айтишича, отасининг бедарак йўқолганини билгач, оила саросимага тушиб, маълумот олиш учун Жафна бўйлаб ҳарбий лагерлар ва полиция маҳкамаларини қидирган, аммо ҳеч нарса топа олмаган. У ҳеч қачон қайтмаган.
Унинг отаси Кандаиах Жаяпалан ҳукуматда ишлаган ва Чемманидан унча узоқ бўлмаган жойда йўл бўйидаги кафени ҳам бошқарган.
«Мен баъзи жавобларни топиш умидида кўплаб бошқа одамлар билан Чеммани оммавий қабрига бордим. Аммо биз ҳеч қандай моддий далил топмадик. Биз инсон қолдиқларининг батафсил суд-тиббий таҳлили ўтказилишини хоҳлаймиз», дейди Жаяруби.
Кандаиах Жаяпалан бедарак йўқолишидан икки ҳафта олдин, худди шу ҳудудда 18 ёшли тамиллик мактаб ўқувчиси Кришанти Кумараслами ғойиб бўлган эди.
1998 йилда Коломбо суди Кумарасламини зўрлаганлик ва ўлдирганлик ҳамда унинг оиласининг уч аъзосини ўлдирганлик учун беш нафар аскарни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу иш ўша пайтда бутун дунё эътиборини тортган эди. Кейинчалик уларнинг жасадлари Чеммани ҳудудида кўмилган ҳолда топилган.
Бу можаронинг энг машҳур ҳолатларидан биридир — ва ҳозирда тергов қилинаётган қабр Кумараслами ва бошқаларнинг қолдиқлари топилган жойдан 100 метр масофада жойлашган.
Суддаги ҳайратланарли кўрсатмасида маҳкум аскарлардан бири Сомаратне Ражапаксе 1990-йилларнинг ўрталарида ўлдирилган 300 дан 400 гача одам Чемманида кўмилганини даъво қилган.
Унинг баёноти бир йилдан сўнг Чемманида биринчи қазиш ишларини бошлашга ундади, унда терговчилар 10 дан ортиқ инсон скелетини аниқладилар. Инсон ҳуқуқлари фаоллари бу қолдиқлар фуқаролар уруши пайтида бедарак йўқолган одамлар билан боғлиқ деб ҳисоблашган, аммо суд томонидан бунинг давоми деярли олиб борилмади.
Фаолларнинг айтишича, тамил исёнчилари билан уруш ҳали ҳам давом этаётгани сабабли, ўша пайтдаги ҳукумат терговни давом эттирмаган ва бунинг сабабини ҳеч қачон тушунтирмаган.
Худди шу ҳудудда яна бир оммавий қабрнинг топилиши жавобгарлик талабларини янгилади.
«Дастлабки текширувлар шуни кўрсатадики, бу оддий дафн этиш жойи бўлмаган ва оддий ҳиндуларнинг дафн этиш маросимларига мос келмайди», дейди ўтган йили Чемманида текширувлар ўтказган Шри-Ланка Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси комиссари Гехан Гунатиллеке.
Фаоллар ва экспертларнинг айтишича, бир неча ўнлаб жасадлар расмий равишда дафн этилгандек кўринса-да, мутлақ кўпчилиги бутунлай бошқа нарсадан далолат беради.
Қолдиқларнинг аксарияти кийимсиз, бир-бирига зич жойлашган ва баъзи ҳолларда устма-уст тахланган ҳолда топилган. Қабрлар саёз бўлиб, жасадлар ер юзасидан атиги бир-икки метр чуқурликда кўмилган.
«Дафн этишлар ноқонуний бўлганлиги ва судсиз қатл этишлар натижасида содир бўлганлиги эҳтимоли катта», дейилади Шри-Ланка Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг ўтган йилги ҳисоботида.
Можаро пайтида бедарак йўқолганларнинг оилалари ушбу кашфиётга норозилик намойишлари ва хотира маросимлари билан жавоб беришди.
Улар орасида 2007 йилда, 24 ёшида Шри-Ланка ҳарбийлари томонидан олиб кетилган ўғли Гнанасеелан Равини қидираётган 65 ёшли Сусеела исмли аёл ҳам бор.
«У менинг ягона ўғлим эди ва мен уни эслаб ҳар куни йиғлайман. Усиз ҳаётим бўм-бўш», дейди у BBC билан суҳбатда.
У Чеммани қабрига ташриф буюрди, аммо ўғли у ерда кўмилганини кўрсатадиган кийим ёки шахсий тақинчоқлар каби ҳеч қандай далил топмади. Қолдиқларда ДНК тести ҳали ўтказилмаган.
Чемманидан ҳозиргача топилган барча қолдиқлар Жафна университети кампусининг Суд-тиббиёт бўлимида суд назорати остида сақланмоқда.
«Биз оралиқ ҳисоботни тайёрлаяпмиз ва у сентябрь ойи охиригача судга тақдим этилади», деди оммавий қабрнинг бош археологи, профессор Раж Сомадева BBCга.
Қолдиқларнинг ёшини аниқлашга ёрдам бериш учун баъзи намуналар батафсил таҳлил қилиш учун чет элга юборилиши кутилмоқда. Ўлимнинг эҳтимолий сабабларини аниқлаш учун алоҳида тиббий кўриклар талаб қилинади.
Сўнгги ўн йилликларда Шри-Ланка бўйлаб 20 дан ортиқ оммавий қабрлар топилган, аммо уларнинг ҳеч бири мамлакат шимоли ёки жанубидаги мажбурий бедарак йўқолишлар ёки тахмин қилинаётган судсиз қатллар билан узил-кесил боғланмаган — ва ҳеч бири жиноий жавобгарликка тортилишга олиб келмаган.
Ҳукумат аввалги оммавий қабрларни текшира олмагани сабабли, кўплаб тамиллар янги тергов нимага эришишига шубҳа билан қарашмоқда.
Улар 2018 йилда шимоли-ғарбий Маннар шаҳрида топилган, 350 дан ортиқ суяк қолдиқлари аниқланган бошқа бир оммавий қабр бўйича терговни мисол қилиб келтиришмоқда. Ушбу тергов натижасиз якунланди ва кўплаб оилаларнинг ҳафсаласини пир қилди.
Улар Шри-Ланка иши Халқаро жиноий судга топширилишини хоҳлашади.
Президент Анура Кумара Диссанаяке ҳукумати тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилаётганини айтмоқда.
Сусеела 2007 йилда, 24 ёшида Шри-Ланка ҳарбийлари томонидан олиб кетилган ўғли Гнанасеелан Равининг суратини ушлаб турибди.
2024 йил сентябрь ойида лавозимга киришганидан сўнг, Диссанаяке адолат ва этник ярашувга интилишини ваъда қилди. Аммо унинг ҳукумати этник можаро пайтида содир этилган уруш жиноятларини текшириш бўйича ҳар қандай халқаро механизмга қатъиян қарши чиқмоқда, бу эса тамилларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда.
«Биз Чемманидаги қазиш ишларини давом эттирамиз», деди Шри-Ланка адлия вазири Харшана Нанаяккара BBCга.
«Биз скелетларни таҳлил қилишимиз ва бу одамлар қандай вафот этганини аниқлашимиз керак. Кейин биз ДНК тестларини ўтказишимиз керак», деди у.
Унинг таъкидлашича, ҳукумат оилалардан ДНК намуналарини тақдим этишни ҳам сўраган, токи уларни кейинчалик қолдиқлар билан солиштириш мумкин бўлсин.
Июнь ойида Чемманига ташрифи чоғида вазир адолат ва ҳақиқатни очиш ҳамда бу масалага чек қўйиш учун тергов ўтказишга ваъда берди. У, шунингдек, қазиш ишлари учун зарур маблағ ажратилишини ваъда қилди.
Шри-Ланка армияси матбуот котиби, бригадир Варуна Гамаге хавфсизлик кучлари тинч аҳолини қириб ташлаганидан кейин уларни кўмиб юборгани ҳақидаги даъволарни рад этади.
«Барча айбловлар судда исботланиши керак», деди у BBCга.
Бедарак йўқолганларнинг оилалари Чеммани оммавий қабри бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилиб норозилик билдиришмоқда.
Ўтмишдаги жиноятларни тергов қилишдаги кечикишлар ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан кескин танқид қилинди.
Йиллар давомида давом этган халқаро босимдан сўнг, ҳукумат 2018 йилда бедарак йўқолишларни текшириш учун мустақил орган — Бедарак йўқолган шахслар идорасини (OMP) ташкил этди. Аммо жабрланганларнинг айтишича, у йўқолган қариндошларини топишда деярли ҳеч қандай натижага эришмаган.
«Мажбурий бедарак йўқолиш, қийноқлар ва қотилликлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар тўхтаб қолган, қурбонларнинг оилалари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса таҳдид ва таъқибларга дуч келмоқдалар», дейилади Human Rights Watch ташкилотининг шу ой бошидаги ҳисоботида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Шри-Ланкани қурбонларнинг шахсини аниқлаш, уларнинг қандай вафот этганини аниқлаш ва бунга ким жавобгар эканлигини аниқлаш учун халқаро ёрдам сўрашга чақирди.
«Бу шундай вазиятки, унда жабрланувчилар қаттиқ тушкунликка тушган, ўнлаб йиллар давомида азоб-уқубатлар билан яшаган ва аввалги терговларга ишонмай қўйган», дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Осиё-Тинч океани минтақаси раҳбари Рори Мунговен BBCга.
«Менимча, халқаро ёрдамни жалб қилиш ушбу терговларга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради», дейди у.
Шри-Ланканинг кетма-кет келган ҳукуматлари уруш давридаги тахмин қилинаётган шафқатсизликлар бўйича халқаро тергов ўтказиш чақириқларига қатъий қаршилик кўрсатиб келди.
Шри-Ланкага қилган аввалги репортаж сафарларим давомида мен ҳақиқатни топиш учун ўнлаб йиллар давомида курашган бедарак йўқолганларнинг ота-оналари ва қариндошлари билан учрашганман. Баъзилари яқинларига нима бўлганини билмай туриб вафот этишди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг айтишича, Президент Диссанаяке ҳукумати энди узоқ давом этган кечикиш ва инкор этиш амалиётига чек қўйиш ҳамда можаро пайтида содир этилган жиддий қонунбузарликлар учун жавобгарликни таъминлаш имкониятига эга.
Сусеела ҳақиқатни билишга қатъий қарор қилган.
«Бундай ноаниқлик билан қанча яшашимни билмайман, лекин мен бунга нуқта қўйилишини хоҳлайман», дейди у.

