Иш жойидаги тазьиқ ва зўравонликка қарши янги дастур қабул қилинди
Ўзбекистонда корхона ва ташкилотларда хавфсиз ҳамда ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади. 2026-йил 1-декабргача иш жойидаги тазьиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича онлайн мурожаатларни қабул қилувчи махсус портал ишга туширилади.

Иш жойидаги тазьиқ ва зўравонликка қарши янги дастур тасдиқланди
Президентнинг 2026-йил 21-сентабрдаги «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–345-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши камида 50 фоиз бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналарда хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур дастур мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларни ҳам қамраб олади.
2026-йил 1-декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ахборот тизимларида давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилади.
Портал орқали ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда иш жойидаги тазьиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан онлайн мурожаат юбориш мумкин бўлади.
Агар тазьиқ ёки зўравонлик портал учун масъул ходим, унинг бевосита раҳбари ёхуд ташкилотнинг бошқа мансабдор шахси томонидан содир этилган бўлса, мурожаат автоматик тарзда юқори турувчи идорага йўналтирилади.
Тазьиқ ва зўравонликка оид мурожаатларни текшириш, далилларни тўплаш, хулоса тайёрлаш, ахборот алмашиш ва мулоқот жараёнлари ҳам портал орқали амалга оширилади.
Ўтказилган текширувлар, уларнинг натижалари, кўрилган чоралар ҳамда ушбу қарорларнинг ўзгартирилишига оид маълумотлар порталда сақланади. Уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди.
Мурожаатда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари аниқланса, у «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органга юборилади.
Бошқарув самарадорлиги агентлигига давлат органлари ва ташкилотларида дастур талабларининг аниқ ва бир хил бажарилишини портал орқали мониторинг қилиш ваколати берилди.
Агентлик мониторинг жараёнида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

