Мурожаатлар билан ишлашдаги камчилик сабаб 150 дан ошиқ мансабдор ишдан олинди
Давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чоралари кўриш бўйича жами 5 486 та ҳужжат киритилди.

Мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлар сабаб 150 дан ортиқ мансабдор лавозимидан олинди
Мурожаатларни кўриб чиқишда масъулияцизликка йўл қўйган 151 амалдор ишдан олинди.
2026-йил январ-август ойларида Президент Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар билан ишлашдаги йўл қўйилган камчиликлар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чораларини кўриш бўйича жами 5 486 та ҳужжат киритилди.
2026-йилнинг январ-август ойлари давомида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини таъминлаш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш йўналишида тизимли тадбирлар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида соҳа бўйича жами 1 386 та тақдимнома, 642 та талабнома, 495 та ахборот ҳамда 2 963 та кўрсатма киритилди.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, киритилган ҳужжатларнинг асосий қисми қуйидаги вазирлик ва идоралар ҳиссасига тўғри келади:
Энг кўп тақдимномалар:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (233 та), Маҳаллалар уюшмаси (218 та) ҳамда Мажбурий ижро бюроси (158 та) тизимларига киритилган.
Энг кўп кўрсатмалар: Маҳаллалар уюшмаси (246 та), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (212 та) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (210 та) тизимларига берилган.
Энг кўп талабномалар: Маҳаллий ҳокимликлар (62 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (59 та) ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (47 та) тизимларига юборилган.
Мурожаатларни кўриб чиқишда масъулияцизликка йўл қўйган ва қонунбузилиш ҳолатларини содир этган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий таъсир чоралари кўрилди:
Расман огоҳлантириш: 1 335 та
Ҳайфсан: 833 та
Лавозимидан озод этиш: 151 та
Маъмурий жавобгарлик: 150 та
Жарима: 89 та
Лавозими пасайтирилиши: 8 та
Маънавий зиён учун компенсация: 3 та
Моддий зарар қопланиши: 1 та
Мурожаатлар билан ишлаш соҳасида ижро интизомини мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

