Ироқ шаҳри билан биродарлашиш режаси таклиф қилинди
Портсмут билан алоқалар пайшанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда шаҳар кенгаши томонидан муҳокама қилинади.

Буюк Британия кенгаши ва Ироқ шаҳри ўртасида Биринчи жаҳон уруши пайтида ва ундан кейин британ аскарларини ҳимоя қилган шахс хотирасига дўстлик алоқаларини ўрнатиш таклифи кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Портсмут шаҳар кенгаши Ироқнинг шимоли-шарқидаги курдлар шаҳри бўлмиш Ҳалабжа билан алоқа ўрнатиш имкониятини кўриб чиқиши керак.
Ушбу режа дастлаб 2019 йилда Портсмутда жойлашган ва шаҳардаги курд жамоасини ифодаловчи «Kurdish Home» қўллаб-қувватлаш гуруҳи томонидан илгари сурилган эди, бироқ Ковид-19 пандемияси бу борадаги силжишни тўхтатиб қўйди.
Гуруҳнинг таъкидлашича, бу алоқа XIX аср охири ва XX аср бошларида Ҳалабжа минтақасини бошқарган Жафф қабиласига мансуб курд асилзода аёли — Леди Аделага ҳурмат бажо келтириш бўлади.
У Биринчи жаҳон уруши даврида тинчликни сақлаш, барқарорликни тиклаш ва британларга ёрдам бериш, жумладан, шаҳарда делегацияларни қабул қилишдаги хизматлари билан эътироф этилган.
1919 йилда курд миллатчилари етакчиси Маҳмуд Барзанжий исён кўтариб, барча британ сиёсий зобитларини ўлдиришга қаратилган кампания бошлаганида, Леди Адела унга қарши чиққан.
У британ зобитларини ўз уйларида бошпана билан таъминлаб, уларни қатл этилишдан асраб қолган.
Кейинчалик Британия ҳукумати уни «Жасурлар маликаси» деган маънони англатувчи «Хон Баҳодир» унвони билан тақдирлаган.
Кенгаш ҳисоботида айтилишича, Ҳалабжа билан алоқа ўрнатиш Портсмутга «таълим соҳасидаги шериклик, маданий алмашинув, жамият жипслиги, фуқаролик фаоллиги ва Портсмутнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш» орқали фойда келтириши мумкин.
Ҳалабжа Эрон билан чегара яқинида жойлашган
Ушбу Ироқ шаҳри 1988 йил март ойида Саддам Ҳусайн режими томонидан амалга оширилган, тарихда бевосита тинч аҳолига қаратилган энг йирик кимёвий қурол ҳужуми содир бўлган жой ҳисобланади.
Ўшанда 5000 га яқин киши ҳалок бўлган ва яна минглаб одамлар жароҳатланган эди.
Эҳтимолий алоқа маҳаллий курд жамоаси томонидан қисман қўллаб-қувватланмоқда, бунга 1988 йилдаги фожиа ва Портсмутнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги бомбардимонлар (Блиц) пайтида бошидан кечирган умумий азоб-уқубатлари сабаб бўлган, ўшанда Портсмутда 1000 га яқин киши ҳалок бўлган эди.
Гарчи кенгаш алоқаларни ўрнатиш ва сақлаб туриш учун «ресурслар чекланган»лигини билдирган бўлса-да, унинг биродарлашган шаҳарлар бўйича маслаҳат гуруҳи пайшанба куни ушбу таклифни муҳокама қилади.

