Иркутск вилоятида бемор вафотидан кейин ўлат ҳақида гапира бошлашди, шифохона карантинга ёпилди

Иркутск вилоятида бемор вафотидан кейин ўлат ҳақида гапира бошлашди, шифохона карантинга ёпилди
Иркутск вилоятининг Шелехов шаҳридаги шифохонада 27 ёшли бемор аёл вафот этди. Унинг ўлимидан сўнг стационар карантинга ёпилди, аёл билан мулоқотда бўлган одамлар эса изоляция қилиниб, тиббий кузатувга олинди. Ўлим сабаби ҳозирча мутахассислар томонидан аниқланаётган инфекция билан боғланмоқда. Бунинг фонида ижтимоий тармоқларда ўлат юқтириш эҳтимоли ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Бемор 29 сентябрь куни шифохонага ётқизилган. Аввалига шифокорлар COVID-19 нинг оғир кечишини гумон қилишган, бироқ кейинроқ ўлат юқтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бунинг фонида Telegram-каналлар, хусусан, SHOT, Baza ва Mash, вафот этган аёл гўёки ўлатга қарши курашиш институтида ишлагани, Бурятияга хизмат сафари чоғида ёки лабораторияда пробиркани синдириб қўйиб, касалликни юқтириб олган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Иркутск Эпидемиология ва микробиология институти бу маълумотларни рад этди: матбуот хизмати аёл уларда ҳеч қачон ишламаганини, институтнинг ўзи эса ўлат қўзғатувчисини тадқиқ қилиш билан шуғулланмаслигини маълум қилди. Вафот этган аёлнинг иш жойи ҳақида бошқа соҳавий муассасалар ва Роспотребнадзор томонидан ҳозирча баёнот берилмади.
Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова иштирокида санитария-противоэпидемик комиссиясининг фавқулодда йиғилиши ўтказилганини маълум қилди.
Мутахассислар вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган жами 197 кишини аниқлашди. Улардан 189 нафари профилактик кузатув учун шифохонага ётқизилди, яна саккиз нафари ҳозирча стационардан ташқарида қолмоқда. Шу билан бирга, расмийлар аниқланган алоқада бўлган шахсларда касаллик белгилари йўқлигини, лаборатория тадқиқотлари натижалари эса манфий чиққанини маълум қилмоқда.
Шелехов шифохонасида бир қатор бўлимларга беморларни қабул қилиш ва чиқариш, шунингдек, лаборатория фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.
Россияда одамнинг ўлат билан касалланиши бўйича охирги ҳолат 2016 йилда Олтойда қайд этилган эди. Агар ҳозирги гумон тасдиқланса, бу Иркутск вилояти учун охирги ўн йил ичидаги биринчи шундай ҳолат бўлади.
Шу билан бирга, инфекциянинг табиий ўчоқлари Россиянинг турли ҳудудларида сақланиб қолмоқда. 2025 йилда Марказий Кавказ, Тоғли Олтой ва Тува ўчоқларида касалланган ҳайвонлар аниқланган, бироқ одамларнинг касалланиши ҳолатлари қайд этилмаган.
2025 йил сентябрь ойида Россия билан чегарадош бўлган Хубсугул аймагида бир киши бубон ўлатидан вафот этди. 2026 йил август охирида эса Россия ва Мўғулистон мутахассислари Хубсугул аймагининг Цагаан-Уул сомонида ўлат қўзғатувчиси мавжудлигини лаборатория шароитида тасдиқлашди. Сентябрь ойида Роспотребнадзор икки давлат чегарасидаги табиий ўчоқнинг фаоллиги юқори экани ҳақида хабар берди.

