Хитойда ўлик деб ҳисобланган аёл тобутда ҳушига келди

Хитойда ўлик деб ўйланган аёл тобут ичида ҳушига келди
Хитойнинг Хебей провинсиясида 70 ёшли аёл тобутга жойлаштирилганидан икки кун ўтиб, кутилмаганда ҳушига келган.
Аёл узоқ йиллар давомида саратон ва мия қон томирлари тромбози билан курашиб келган. Шифокорлар касалликни даволаб бўлмаслигини айтгач, яқинлари уни парвариш қилиш учун уйига олиб кетишган.
8-сентябр куни қариндошлари аёлни жонсиз ҳолатда топиб, дафн маросимига тайёргарликни бошлаган. Бошқа шаҳарда яшовчи оила аъзолари келгунига қадар жасадни сақлаш учун уни музлаткичли тобутга жойлаштиришган.
11-сентябр куни яқинлари видолашиш учун йиғилган пайтда, ўлик деб ҳисобланган аёл бирдан ҳушига келиб, кўзларини очган. Аммо унинг аҳволи жуда оғир бўлиб, у на овқатланган, на сув ичган эди.
Ўша кечанинг ўзида аёл вафот этган. Дафн маросими 13-сентябр куни ўтказилган.
Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда унинг ишончлилиги борасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Маҳаллий аҳоли эса ўз қишлоғида шундай воқеани эшитганини айтган.
Шифокорлар бундай ҳолатни “сохта ўлим” деб атайди. Бунда организмнинг ҳаётий кўрсаткичлари деярли сезилмай қолади: нафас олиш ва юрак уриши шу қадар сустлашадики, уларни оддий усуллар билан аниқлаш қийин бўлиши мумкин.

