Иқтисодиёт

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини декарбонизация қилишнинг узоқ муддатли сценарийларига оид тадқиқотни тақдим этди

19–20 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш борасидаги натижаларини баҳолаш ва халқаро тажрибани ўрганишга бағишланган халқаро амалий семинар бўлиб ўтди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини декарбонизация қилиш бўйича узоқ муддатли сценарийларга бағишланган тадқиқотни эълон қилди

“Барқарор агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли сценарийлари” мавзусидаги сессия доирасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда ердан фойдаланиш соҳаларида 2070 йилгача декарбонизация қилиш бўйича тадқиқот натижаларини тақдим этди (AFOLU).

Марказ сектор мудири Абдурашид Бозоров тадқиқотнинг асосий хулосалари билан таништирди. Экспертлар муҳокамасида Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ҳамда Барқарор ривожланиш ва халқаро муносабатлар институти (IDDRI) вакиллари иштирок этди.

Марказ баҳолашларига кўра, Ўзбекистонда иссиқхона газлари умумий чиқиндиларининг 17,5 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Бунда аграр сектор чиқиндиларининг қарийб учдан икки қисмини метан ташкил этади ва унинг асосий манбаи чорвачилик ҳисобланади.

Тадқиқотда 2017–2025 йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотларнинг ижобий натижалари қайд этилган. Ушбу даврда дон экинлари ҳосилдорлиги 48 фоизга, пахта хомашёси ҳосилдорлиги 71 фоизга ошган. Сув олиш ҳажми 22 фоизга қисқарган, сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган майдон эса 2,6 млн гектарга етган.

Шу билан бирга, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имкониятлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, суғориш сувининг 37 фоизи каналларда йўқотилмоқда, суғориладиган ерларнинг қарийб ярми эса шўрланишга учраган.

Марказ экспертлари 2070 йилгача соҳани ривожлантиришнинг учта сценарийсини ишлаб чиқди. Улар мавжуд тенденцияларнинг сақланиши, амалдаги давлат дастурларининг бажарилиши ҳамда маҳсулдорликни ошириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни жорий этишни назарда тутади.

Моделлаштириш натижалари чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш, ўғитлардан оқилона фойдаланиш, яйловларни тиклаш ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш ҳисобига иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтириш имконияти мавжудлигини кўрсатмоқда.

Тадқиқотда иқлим мақсадларининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлиги билан ўзаро боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилган. Чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш яйловлар ва табиий ресурсларга тушадиган юкламани камайтирган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради.

Тадқиқот якунлари бўйича Марказ томонидан сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, озиқ-овқат йўқотишларини қисқартириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар таклиф этилди.

(Хуршед Асадов, Абдурашид Бозоров, Бахтиёр Исмаилов ва Алишер Холмурзаев) томонидан тақдим этилган натижалар Ўзбекистон агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари юзасидан экспертлар муҳокамасига асос бўлди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.