Маҳаллий

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида орқага кетишнинг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарур» — БМТ вакили

Геополитик қарама-қаршилик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тараққиётга таҳдид солмоқда, дея огоҳлантирди БМТ Қўмитаси аъзоси Тошкентдаги форумда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари судлар мустақиллиги, қийноқлар ва камситишлардан ҳимояланиш, шунингдек, халқаро кафолатлар ва амалиёт ўртасидаги тафовутни муҳокама қилдилар.

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида орқага кетишнинг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш зарур» — БМТ вакили

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг халқаро кафолатлари қўлланилишини қандай таъминлаш масаласи 28–29 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида муҳокама қилинди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Карлос Рамон Фернандес Льеса Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни халқаро ҳуқуқнинг пойдевор тошларидан бири деб атади.

Унинг сўзларига кўра, пактда мустаҳкамланган кўплаб ҳуқуқларнинг амалга оширилиши демократия ҳолатига, ҳокимиятлар бўлинишига, судлар мустақиллигига ва куч ишлатар тизимлар фаолиятига боғлиқ. Шу билан бирга, у БМТга аъзолик ҳам, пактда иштирок этиш ҳам давлатни бирор-бир муайян демократик бошқарув тизимига амал қилишга мажбурламаслигини таъкидлади.

«Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий тизимларни эркин танлаш принципи дунёда демократиянинг ягона модели йўқлигини англатади», — деди БМТ Қўмитаси аъзоси.

У пактнинг вазифасини, сиёсий режим хусусиятидан қатъи назар, барча мамлакатларда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш стандартларини ошириш билан боғлади. Ҳужжатнинг ўзини эса Фернандес Льеса ўзгариб бораётган дунё билан бирга ўзгариши керак бўлган «жонли восита» деб атади.

Бироқ бундай ривожланиш учун давлатларнинг кенг консенсуси зарур. Экспертнинг баҳолашича, бунга эришишга ҳозирги қутблашиш халақит бермоқда.

«Халқаро ҳамжамият геосиёсий қарама-қаршилик ва кўп томонлама ҳамкорликнинг заифлашуви даврини бошдан кечирмоқда. Суверенитет ва алоҳида манфаатларни умумий манфаатлардан устун қўйиш тенденцияси кузатилмоқда», — деди у.

Фернандес Льеса инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашнинг сусайиши хавфидан огоҳлантирди ва эришилган кафолатларнинг йўқотилишига йўл қўймасликка чақирди.

«Ушбу ўтиш даврида эришилган қадриятлардан воз кечиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида орқага кетишнинг олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш зарур», — дея таъкидлади эксперт.

Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов инсон ҳуқуқларининг амалий ҳимоясини, энг аввало, суд мустақиллиги, адолатли суд муҳокамаси ва бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг самарали механизмлари билан боғлади.

«Халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этиш, шубҳасиз, муҳим. Бироқ уларнинг амалий самарадорлиги бевосита судлар томонидан қўлланилишига боғлиқ», — деб қайд этди у.

Алишер Усмонов суд ҳимоясининг конституциявий кафолатлари, маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва 2025 йил 1 январдан тергов судьялари фаолият бошлашини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, тергов судьялари судгача бўлган босқичда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал масалаларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мустақил суд назоратини таъминлайди.

«Жиноят ишини кўриб чиқишда суд нафақат айбловнинг асослилигини текшириши, балки далиллар қонуний усуллар билан олинганми, шахснинг ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланганми ва судгача бўлган иш юритиш давомида унинг конституциявий ҳуқуқлари бузилмаганми, деган масалаларга ҳам баҳо бериши керак», — деди Олий суд раисининг биринчи ўринбосари.

У судлар учун бу ишда пакт қоидалари, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг ҳуқуқий хулосалари ва тавсиялари мўлжал бўлиб хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Алишер Усмонов халқаро шартномавий органларнинг позицияларини тизимли ўрганиш, уларни судьяларни касбий тайёрлаш дастурларига киритиш ва суд қарорларида халқаро нормаларни қўллашни ривожлантириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Тилбург университети жиноят ҳуқуқи кафедраси доценти Полин Якобс ўз чиқишини маҳкумлар ва жазони ўтаётган шахсларнинг қамоқхонадаги шароитлар устидан шикоят қилиш имкониятларига бағишлади.

«Шикоятларни кўриб чиқиш механизмлари озодликдан маҳрум этилган шахсларни қийноқлардан, шафқатсиз ва қадр-қимматни камситувчи муомаладан ҳимоя қилишнинг асосий кафолатларидан биридир», — дея таъкидлади у.

Бундай мурожаатлар ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, сақлаш шароитларининг ёмонлиги, машғулотларнинг йўқлиги ёки тиббий ёрдамнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Якобснинг сўзларига кўра, шикоятларга жиддий ёндашиш кескинликни камайтиришга ҳамда маҳкумлар ва ходимлар ўртасида муносабатларни йўлга қўйишга ёрдам беради.

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Европа қўмитаси стандартлари ва Европа пенитенциар қоидаларига таяниб, у бундай механизм ишлаши учун зарур бўлган шартларни санаб ўтди: қулайлик, махфийлик, кўриб чиқувчи органнинг мустақиллиги, ўз вақтида кўриб чиқилиши ва юридик ёрдам олиш имконияти.

«Маҳкумлар тартиб-таомиллар ҳақида ўзлари тушунадиган тилда ҳам оғзаки, ҳам ёзма маълумот олишлари керак. Шикоят бланкалари осон топиладиган бўлиши, шикоят бериш учун зарур бўлган барча материаллар эса эркин фойдаланишда бўлиши лозим», — деди тадқиқотчи.

Мурожаатнинг ўзи шахс учун янги хавф-хатарларни келтириб чиқармаслиги айниқса муҳимдир.

«Тартиб-таомил махфий ва хавфсиз бўлиши керак. Шикоят бериш қўрқитиш ёки жавоб чоралари билан кузатилмаслиги лозим. Бу шикоят қилган маҳкумнинг зарарига ишламаслиги керак», — деб таъкидлади Якобс.

Нидерландияда, унинг сўзларига кўра, қамоқхона бошлиғининг қарорлари ёки унинг номидан қабул қилинган қарорлар устидан шикоятларни қамоқхона маъмурияти билан алоқаси бўлмаган мустақил комиссия кўриб чиқади. Механизм компенсация олиш имкониятини, жумладан, маҳкумлар учун қўшимча учрашувлар ёки телефон қўнғироқлари шаклида назарда тутади.

Ушбу кафолатлар конкрет ишларда қанчалик қўлланилаётгани ҳақида ўзбекистонлик мунозара иштирокчилари гапирдилар.

«Илм нури маркази» ННТ раиси ўринбосари, ҳуқуқшунос Гулнора Ишанханова судьялар томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси қарорлари ва унинг асосларини ўрганиш муҳимлигини таъкидлади. У, шунингдек, нодавлат ташкилотлар мамлакатнинг халқаро мажбуриятларни бажариши тўғрисида муқобил маърузалар тақдим этиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

У алоҳида тарзда судларнинг қийноқлар ҳақидаги хабарларга муносабати масаласини кўтарди.

«Биз, албатта, судьяларимизнинг қийноқлар тўғрисидаги аризаларга муносабат билдиришини жуда хоҳлаймиз», — деди Ишанханова ва бундай аризаларни текшириш ҳамда олинган кўрсатмаларнинг мақбуллиги масаласини ҳал қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Адвокат Тамила Раҳматуллаева халқаро ташкилотлар ва Адвокатлар палатаси судьялар ва ҳуқуқшунослар учун халқаро ҳуқуқий нормалар бўйича ўқувлар ўтказаётганини, бироқ, унинг баҳолашича, амалиёт ҳали ҳам уларни тўлиқ қўллашдан йироқ эканини қайд этди.

«Мен суд халқаро пакт нормаларига ҳавола қилган бирорта ҳам суд қарорини кўрмадим, ваҳоланки ўзимнинг барча ҳужжатларимда ушбу нормаларга ҳавола қиламан», — деди адвокат.

Конституцияда мустаҳкамланган кафолатларни ижобий баҳолаб, Раҳматуллаева уларни судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида фаолроқ қўллашга чақирди.

«Конституциямизда буларнинг барчаси мустаҳкамлаб қўйилгани давлатимизнинг улкан ютуғидир, лекин биз буни амалиётда кўришни истаймиз», — деди адвокат.

Сессия модератори, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков халқаро нормалар миллий қонунчиликка аллақачон киритилганини таъкидлади. У, шунингдек, миллий қонунчилик билан зиддият юзага келган тақдирда, халқаро шартномавий нормалар устуворлигини эслатиб ўтди.

Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили (омбудсман) офисининг тенг муомала масалалари бўйича бош директори Янош Видеманн камситишдан ҳимояланишнинг маъмурий тартиб-таомили ҳақида гапириб берди.

Унинг доирасида исботлаш мажбурияти ариза берувчи зиммасига тушмаслиги керак: унга ўзига зарар етказилгани ва қонунбузарлик пайтида қонун билан ҳимояланадиган белгига — масалан, жинси ёки ногиронлигига эга бўлганининг ҳақиқатга яқинлигини кўрсатиш кифоя. Иккинчи томон эса, ўз навбатида, кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаганини, тенг муомала талабига риоя қилинганини ёки тегишли муносабатларга татбиқ этилмаганини исботлаши керак.

Қонунбузарлик аниқланган тақдирда, омбудсман ноқонуний вазиятни бартараф этишни талаб қилиши, тегишли ҳаракатларнинг такрорланишини тақиқлаши, жарима белгилаши ёки якуний қарорни эълон қилиш тўғрисида буйруқ бериши мумкин. Қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Видеманннинг сўзларига кўра, аниқланадиган қонунбузарликлар орасида ногиронлик белгиси бўйича камситиш, жумладан, тўсиқсиз фойдаланиш имконияти таъминланмагани энг кўп учрайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.