Индиялик ошпаз Америкага карри олиб келди — кейин эса ғойиб бўлди
Ҳиндистонлик ошпаз Ранжи Смайл 1901 йилда Америкадаги биринчи ҳинд ресторанини очган — сўнгра сохта шаҳзодага айланган.

Америкага каррини олиб келган ва сўнг ғойиб бўлган ҳиндистонлик ошпаз
Ранжи Смайл Америка ошхонаси дунёсига таъсир кўрсатган энг ёрқин ва сирли шахслардан бири эди.
Бир юз йигирма беш йил олдин, 1901 йилда, ҳиндистонлик ошпаз АҚШдаги деярли биринчи ҳинд ресторанини очди.
Ранжи Смайл Америка озиқ-овқат саҳнасини шакллантирган энг ёрқин ва сирли симолардан бири эди.
1899 йилнинг ёзида Смайл Лондондан Нью-Йоркка сафар қилди. Унинг келиб чиқиши ёки ёшлик йиллари, жумладан, ҳақиқий исми ҳақида жуда кам нарса маълум.
«Ранжи» эҳтимол ўша пайтда Британиядаги Тест ўйинларида катта эътибор қозонган ҳинд крикет жулдузи К.С. Ранжитсинҳжига ишора бўлган. «Смайл» эса «Исмоил» исмининг инглизчалашган шакли бўлиши мумкин.
Унинг келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, Смайлда ўзини қайта кашф этиш каби камёб истеъдод бор эди. Эллис оролидан ўтгач, у ўз шахсиятига Американинг тенглик идеалларига мосроқ келадиган яна бир исмни қўшди: Жо.
Жо Ранжи Смайл Нью-Йоркка Бешинчи авенюдаги «Sherry's Restaurant» номли ҳашаматли янги масканда ишлаш учун келди.
Лондонда у «Cecil» ва «Savoy» меҳмонхоналарида карри ошпази бўлиб ишлаган эди. «Harper's» журналининг 1899 йилги мақоласига кўра, Нью-Йоркда уни «Sherry's» эгаси Луи Шери пайқаб қолган ва ундан ошпазлик маҳоратини Атлантика океанининг нариги томонига олиб ўтишни сўраган. Кечки Виктория даври Лондонида аллақачон ҳинд таомлари маданияти мавжуд эди: 1810 йилдаёқ Патналик Саке Дин Муҳаммад Портман сквери яқинида «Hindostanee Coffee House»ни очиб, мижозларга карри ва чилим таклиф қилган эди.
Манхэттенлик хўрандалар масала борасида кам тажрибага эга эдилар. Шунда ҳам Ҳиндистон ва унинг маданиятига бўлган қизиқиш ортиб бораётган эди. Ҳиндуизм фалсафаси тарғиботчиси ва жозибали нотиқ Свами Вивекананда 1890-йилларда шаҳарга ташрифлари чоғида говжум оломонни тўплаган. Шу билан бирга, Ню-Йоркка кўпроқ ҳинд денгизчилари, талабалари ва мутахассислари кела бошлади. Луи Шерининг ўз ошхона ходимлари қаторига карри ошпазини қўшишга қарор қилганига, эҳтимол, шу сабаб бўлган.
«Шеррй's Restaurant»да Смайл Американинг «Олтин асри»га оид буюк пазандачилик масканларидан бирининг аъзосига айланди. Нью-Йоркдаги нафис таомлар рамзи бўлган «Delmonico's»га рақобатчи сифатида танилган «Sherry's» Асторлар каби шаҳар бойларига хизмат кўрсатган ва ҳашаматли таомланиш томошалари билан машҳур эди. Шундай тадбирлардан бирида меҳмонлар ўз отларини базм залига етаклаб кириб, от устида ўтирган ҳолда таомланишган.
Иқтидорли ижрочи бўлган Смайл бу муҳитда жуда яхши натижа кўрсатди.
Тез орада мижозлар у тайёрлаган Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоқларидан келтириладиган ёпишқоқ калмарсимон балиқ ширинлиги — Бомбей ўрдагини ҳамда «Цейлон салат барги» каби ижодкорона таомларни татиб кўриш учун кела бошлашди.
Таом тайёрлаш ва тортиш ҳақиқий театрга айланди. Атлас чапон ва кўк ипак салла кийиб олган Смайл мижозларга таъзим қилиб, «Каррини аччиқ қилайми ёки юмшоқроқми, соҳиб?» деб сўрарди. «Sherry's» карри ошпазининг суратлари тезда газета ва журналларда пайдо бўлди. Сарлавҳалардан бири ушбу шов-шувни шундай ифодалаган эди: «Нью-Йорк аёллари у сабаб ақлдан озишмоқда».
Обрўси ортиб бориши билан, Смайл 1901 йилда «Sherry's»ни тарк этишга ва бутунлай ҳинд таомларига бағишланган ўз ресторанини очишга қарор қилди. Молиялаштириш учун у атоқли молиячи
ва автоуйнинг эртаки шаклини ихтиро қилган Роланд Р Конклинга таянар эди.
Смайлнинг «Омар Хайям» номли ҳинд ресторани 1901 йилнинг охирида Бешинчи авеню, 325-уй манзилида очилди. У энг нуфузли ҳудудни — дастлабки «Waldorf-Astoria» меҳмонхонасидан атиги бир блок масофадаги жойни эгаллаган эди (29 йилдан сўнг бу ерда Эмпайр-стейт-билдинг қад кўтаради). Смайл ресторанни ҳинд пардалари ва осиб қўйиладиган чироқлар билан безатди.
«New York Herald» бeрган маълумотга кўра, ресторан ходимлари орасида «улкан саллали» бир гуруҳ ҳинд официантлари ҳамда ҳинд созандалари бор эди. Эндиликда америкалик иммигрантнинг муваффақият тарихи сифатида тўлиқ гавдаланган Смайл мижозлар ва ишқибозлар оломонини интиқлик билан кутарди.
Аммо улар ҳеч қачон келишмади. Бир йил ичида «Омар Хайям» ёпилди. «New York Sun» газетасининг ёзишича, одамлар ҳинд таомларидан «зириқиб», унга вақтинчалик урф сифатида қараган.
Смайлнинг Нью-Йоркда ёрқин порлаган шуҳрати ҳам сўна бошлади. Афсуски, ундаги томоша кўрсатиш ва театрлаштириш маҳорати фирибгарлик ва жиноий хатти-ҳаракатларга айланиб кетди.
Смайл ўзининг оддий Жо эмаслигини, балки шаҳзода, сохта унвон бўлмиш Балужистон амирининг ўғли эканини даъво қила бошлади. «Омар Хайям» ресторанини очишдан олдин у Бомбейга қисқа муддатли сафар қилди ва у ерда Лондонда бўлажак қирол Эдуард VII нинг тож кийдириш маросимида меҳмон эканини айтди ва ўзига хизматчилар: фаррошлар, раққоса қиз ва «пиллар галасини бошқариш учун филбонлар»ни ёллаб олди.
Нью-Йорк газеталари, жумладан «Times» ҳам буларнинг сирини фош қилди, чунки унга қарши кейинги федерал ишда таъкидланганидек, Смайл бу ходимларни ўз ресторанида ишлатиш учун АҚШга ноқонуний равишда олиб кирган. «Омар Хайям» ҳинд таомларининг кашшоф марказига айланиш ўрнига, Смайлнинг мамлакатдан депортация қилинишига сал қолди.
«Шаҳзода» Жо Ранжи Смайл депортациядан қутулиб қолди (унинг аъёнларидан кўпларига бундай бахт насиб этмади) ва ўзи ўйлаб топган шахсиятни шакллантиришда давом этди, шу билан бирга бир қатор содда америкалик ёш аёлларнинг кўнглига йўл топиб, уларга уйланди. У ҳинд таомлари аёллар учун сирли гўзаллик эликсири эканини таъкидлай бошлади. «Кўзлар чарос бўлади, юз териси эса жуда гўзаллашади», деб ваъда берарди Смайл ва ўз хотинларини бунга исбот сифатида кўрсатарди.
Шу билан бирга, у мамлакат бўйлаб ҳинд таомларини тайёрлаш шоулари орқали ўз маҳоратини ошириб борди.
Вашингтон шаҳрида Смайл «бунгало» деб аталган шубҳали эшитиладиган ширинликни ўз ичига олган таомларни тайёрлади, фокусчи ва раққоса қиз эса томошабинларни хушнуд этди. Чикагога бориш йўлида, чекка Идахо штатидаги бир газета хабар қилганидек, у энди амирнинг ўғли эмас, балки ундан ҳам хаёлийроқ бўлган «Балужистоннинг буюк Беглерберги»нинг укаси эканини айтди. Агар Смайл фирибгарликда айбдор бўлса, унинг америкалик тингловчилари ҳам унга жуда осон ишонганлари учун шунчалик айбдор эдилар.
Смайлнинг театрлаштирилган томошалари ва мазали таомлари бир муддат одамларни хушнуд этган бўлса-да, ёлғон ва уйдирмалар охир-оқибат уни тузоққа туширди.
Қонун билан боғлиқ кейинги муаммолардан, жумладан, раққоса қизларидан бирини мажбурий ушлаб туриш ва Манхэттендаги итальян ресторанида ҳисобни тўлашдан бош тортишдан сўнг, Смайл жамоатчилик эътиборидан четлашди. 1920-йилларга келиб, у ошпазликни бутунлай ташлаганга ўхшайди ва ўз машғулотини савдогар деб кўрсатади.
Смайлнинг охирги изи 1937 йилга тўғри келади, ўшанда унинг тўртинчи ёки бешинчи америкалик хотини Нью-Йорк Олий судига мурожаат қилиб, эндиликда ғойиб бўлган эри билан никоҳини бекор қилишни сўрайди. Ранжи Смайлнинг ўзини қайта кашф этишдаги охирги ҳаракати шунчаки ғойиб бўлиш эди.
Бундай ношараф якунга қарамай, Смайл ва унинг ҳинд ресторани Америкада ҳинд ошхонасининг оммалашишига йўл очиб беришга ёрдам берди. Тез орада бошқа иммигрантлар ҳам унинг изидан боришди.
1909 йилда Панжобдан келган сайёҳ-журналист Сент Ниҳал Сингҳ «Chicago Daily Tribune» ўқувчиларига бҳажия, пури, ҳалво ва «Ҳиндуча қовурилган товуқ» рецептларини таништирди.
Чикаголикларнинг кўплари ҳинд маҳсулотлари билан таниш эмаслигини англаган Сингҳ ўқувчиларга уларни шаҳардаги хитой озиқ-овқат дўконларидан топишни маслаҳат берди. Замонавий ошпазларни ғашга келтириши мумкин бўлган бошқа бир вазиятда у гамбургер гўшти гўштли палов (гўштли пилав) тайёрлаш учун мақбул ўринбосар эканини таклиф қилди.
Ранжи Смайл иммигрантларни ноқонуний олиб киргани учун судга тортилганидан кўп ўтмай, Цейлонлик К.И. Кира исмли ёш йигит Эллис оролига етиб келди.
К.И. Кира 1913 йилда Нью-Йоркда муваффақиятли ҳинд ресторанини очди
Смайл каби унда ҳам ўзини қайта кашф этиш истеъдоди бор эди. Кира «Barnum and Bailey» ва «Ringling Brothers» каби Америка циркларида чиқиш қилган сингал раққосалари труппасига қўшилди. 1913 йилда у Гарлемда кейинчалик «Ceylon India Inn» номи билан танилган ҳинд ресторанини очди. «Омар Хайям»дан фарқли ўлароқ, «Ceylon India Inn» муваффақият қозонди.
Энди Нью-Йоркда жуда катта ҳинд иммигрантлари жамоаси мавжуд эди ва ресторан чет элдаги миллатчилар ва инқилобчиларни ўзига жалб этди. Бунга америкаликларнинг ҳинд маданияти ва ошхонасига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ҳам ёрдам берди. 1920-йилларга келиб, Таймс-сквер яқинида жойлашган Киранинг ресторани Бродвей ва Голливуд юлдузларига хизмат кўрсатар эди. «Ceylon India Inn» 1980-йилларнинг охиригача фаолият кўрсатиб, ўзини Америкадаги биринчи ҳинд ресторани сифатида тарғиб қилди.
Албатта, бу ҳақиқат эмас эди. Ранжи Смайл деярли унутилган бўлиши мумкин, аммо қисқа муддат яшаган «Омар Хайям» ресторанидан 125 йил ўтиб ҳам, у қолдирган мерос АҚШ бўйлаб гуллаб-яшнаётган минглаб ҳинд ресторанларида яшашда давом этмоқда.

