“Илтимос, менга ачинманг” — Нурмагомедов нокаутли мағлубиятдан сўнг баёнот берди

Нурмагомедов нокаутдан сўнг: "Илтимос, менга ачинманг"
Россиялик аралаш яккакураш устаси Умар Нурмагомедов (20-2) Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган УФС Фигҳт Нигҳт 286 турнирида хитойлик Сонг Ядонгга (24-9-1) қарши жангдаги мағлубиятидан кейин баёнот берди.
Нурмагомедов мухлисларга мурожаат қилиб, жанг натижасидан хавотир олмасликни сўради. У мағлубиятдан сабоқ чиқариб, октагонга янада кучлироқ бўлиб қайтишини таъкидлади.
"Худога шукур, менда ҳаммаси жуда яхши. Менга ёзган, мен учун дуо қилган ҳамда қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Аммо илтимос, менга ачинманг. Бу шунчаки жанг эди. Баъзида ғалаба қозонасиз, баъзида эса мағлуб бўласиз. Мен бутунлай соғломман, ҳаммаси жойида. Бундан сабоқ чиқараман, кучлироқ бўлиб қайтаман ва бир кун чемпион бўламан. Яна бир бор меҳр ва қўллаб-қувватловингиз учун раҳмат", деб ёзди Нурмагомедов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Умар ва Сонг ўртасидаги жанг иккинчи раундда нокаут билан якунланди.
30 ёшли россиялик учун бу УФСъдаги иккинчи мағлубият бўлди. У ташкилот байроғи остидаги жангларнинг саккизтасида ғалаба қозонган. Нурмагомедов 2021-йилдан буён дунёнинг энг нуфузли ММА промоушени билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
У профессионал фаолиятидаги илк мағлубиятини 2025-йилнинг январида қабул қилиб олган. Ўшанда у УФС мутлақ енгил вазн тоифасидаги чемпионлик жангида грузиялик Мераб Двалишвилига ҳакамларнинг якдил қарори билан ютқазган.
28 ёшли Сонг Ядонг 2017-йилдан буён УФСъда Хитой шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Нурмагомедов устидан қозонилган ғалабадан сўнг унинг ташкилотдаги статистикаси 13 та ғалаба, 4 та мағлубият ва 1 та дурангдан иборат бўлди.
Нурмагомедов УФС собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг қариндоши, ПФЛънинг амалдаги чемпиони Усман Нурмагомедовнинг эса акаси ҳисобланади.

