Маҳаллий

«Илм-фандаги биринчи қадам учун илҳом манбаи». Тошкентда Formula 35 илмий фестивали қандай ўтди

Тошкент Ботаника боғида Formula 35 илмий фестивали бўлиб ўтди. Кимё, физика, астрономия, биология ва санъатга бағишланган мавзули локацияларда мактаб ўқувчилари тажрибаларни кузатишлари, баъзиларида эса ўзлари иштирок этишлари мумкин эди. «Газета» фан билан танишув қандай ўтгани ҳақида ҳикоя қилади.

«Илм-фанга биринчи қадам учун илҳом». Тошкентда Formula 35 илмий фестивали қандай ўтди

Илм-фан қизиқувчанликдан бошланади: аввал инсон ҳамма нарса қандай тузилганини билиб олади, кейин нима учун айнан шундайлиги ҳақида ўзига савол беради, сўнг — буни қандай ўзгартириш мумкинлиги билан қизиқади. Тошкент Ботаника боғида бўлиб ўтган Formula 35 илмий фестивали иштирокчиларига ташкилотчилар ва таклиф этилган мутахассислар шу ҳақда сўзлаб беришди. Тадбир Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ўтказилди ва болалар билан интерактив мулоқот қилиш учун турли илмий институтлардан экспертларни бир жойга жамлади.

Майдонча кимё, физика, астрономия, биология, технологиялар ва санъатга бағишланган тўққизта мавзули ҳудудга бўлинди. Доска олдидаги тушунтиришлар билан ўтадиган одатий дарс ўрнига, бу ерда илм-фан дунёси билан танишув тажрибалар, кузатувлар ва ниманидир мустақил равишда бажариб кўриш имконияти орқали амалга оширилди.

Одатий кунларда институт олимлари мавжуд тартибни соддалаштириш, такомиллаштириш ва ўзгартиришга ҳаракат қилиб, тадқиқотлар билан шуғулланишади. Аммо бу куни улар олдида бошқа вазифа турган эди ва уни оддий деб бўлмасди. Мутахассислар Formula 35 фестивалига ўзларининг минглаб «нима учун»ларини олиб келишни унутмаган болалар билан мулоқот ўрнатишди.

Тарих институти стендида ёш иштирокчиларга куракчалар ва чўткачалар берилиб, топилмани эҳтиёткорлик билан, чанг заррачасигача кавлаб олиш таклиф этилди.

Биринчи қарашда оддий туюлган топшириқ болаларни узоқ вақтга ўзига жалб этди. Бировлар секин, аммо ишонч билан ўзларининг биринчи археологик кашфиётига яқинлашаётган бир пайтда, бошқалар микроскоп орқали 100 ва ҳатто 400 баробар катталаштирилган ўсимликларнинг кўринишини томоша қилишди.

Шу аснода Formula 35 нинг асосий стенди ёнида бир гуруҳ мактаб ўқувчилари карбонат ангидрид газининг қаттиқ шакли, яъни қуруқ муз қандай кўринишини кўрсатаётган маърузачиларни ўраб олишди.

Шунингдек, бу ерда болаларга хаёлий мотоциклда «юриш» ва шамол турли тезликда қандай эсишини ҳис қилиш таклиф этилди. Бунинг учун ўқувчилардан қўлларини олдинга узатиш ва мотор акиллашини тақлид қилиш сўралди. Болалар зудлик билан жараёнга киришиб, ҳар қандай топшириққа мамнуният билан жавоб қайтаришди.

Бошқа бир стендда оловни қўлда «ушлаб кўриш» мумкин эди. Бундай таклифни ҳатто катталар ҳам рад этишмади.

Ўсимлик моддалари кимёси институти лаборатория мудири Камилла Мардиева болаларга натижаси лава лампасини эслатувчи кимёвий реакцияни кўрсатди. У ранг-баранг аралашмалар колбада майин пасайиши ёки кўтарилиши учун қайси элементларни нима билан аралаштириш кераклигини тушунтириб берди.

«Биз шунингдек, болаларга микроскоп остида ўсимлик ҳужайраларини, соя илдизларидан ажратиб олинган хавфсиз ризобиум бактерияларини намойиш этдик», — деди у.

Кислота-ишқор реакциялари билан танишув ҳам кўргазмали бўлди. Табиий индикатор сифатида одатий бинафшаранг карамдан фойдаланилди. Муҳитга қараб у рангини ўзгартирди: нейтрал эритмада бинафшаранглигича қолди, ишқорий муҳитда тўқ яшил, кислотали муҳитда эса тўқ қизил (малина) рангига кирди.

«Бундай ўзгариш моддаларнинг кимёвий хоссаларини мураккаб формулаларсиз тушунтиришга ёрдам беради. Бола аввал рангнинг ўзгаришини кўради, шундан кейингина унинг ортида қайси жараён турганини билиб олади. В абстракт тушунча кузатиладиган ҳодисага айланади ва унинг аҳамияти яхшироқ эсда қолади», — тушунтиради Камилла Мардиева.

«Бу ҳақиқий топазми?» — ҳайратланади ярим қимматбаҳо тошларни томоша қилаётган ўтиб бораётган катта ёшли киши. Унинг ёнида мактаб ўқувчилари тўпланиб, бир столга, бир стенд ёнидаги олимга қарашади.

Ядро физикаси институти Ядровий аналитика лабораториясидан Темур Усманов ташриф буюрувчиларга фундаментал физикани саноат ишлаб чиқариши билан боғлайдиган технологиялар ҳақида сўзлаб бермоқда. Масалан, нейтронлар билан нурлантириш минералларнинг кристалл тузилишидаги ўзгаришлар ҳисобига уларнинг рангини қандай ўзгартириши мумкинлиги ҳақида.

«Топазлар бизга мана шундай оқ кўринишда келади. Реакторда, нейтронлар оқими билан нурлантирилгандан сўнг, улар ўз рангини ўзгартиради. Бу мисол ядровий технологиялар нафақат энергетика ва илмий тадқиқотларда, балки материалларга ишлов беришда ҳам қўлланилишини кўрсатади», — деди Темур Усманов.

Ушбу стенд ёнида мактаб ўқувчиларига ҳам саволлар берилди. Улардан ёруғлик тезлиги, экватор узунлиги ва Ер радиуси ҳақида сўрашди. Баъзилар, дейди олим афсус билан, мактаб дастуридаги оддий саволларга жавоб бера олишмади. Шунга қарамай, уларга барибир совғалар — брендирган кепкалар, майкалар ва блокнотлар топширилди. Мутахассис тушунтирганидек, бу болалар таслим бўлмагани, жавоб излагани ва вариантларни таклиф қилгани учун берилди.

«Менимча, ёшлар физикага, масалан, IT га қараганда камроқ қизиқишади. Эҳтимол, фестивальдан сўнг уларда дунёга янгича назар билан қараш имконияти пайдо бўлар», — дея тахмин қилди олим.

Фестивалда ёш истеъдодлар ҳам ўзларини кўрсатишлари мумкин эди. Масалан, Sehriyo мактаби ўқувчиси Иймона Пўлатова синфдошлари билан биргаликда Марс тупроғини қайта яратди. Бу сайёрадан Ергача бўлган масофа тахминан 400 млн километрни ташкил этади, аммо ҳатто шундай масофа ҳам Қизил сайёрани ўрганишга халақит бермайди.

«Биз NASA Space Apps хакатонида қатнашдик. У ерда бизда марсоходлардан олинган маълумотлардан фойдаланиш имконияти бўлди. Биз Марсдаги эрнинг кимёвий таркибини таҳлил қилдик ва уларни биз учун мавжуд бўлган моддаларга бўлдик. Аралаштирганда Марс тупроғига максимал даражада ўхшаш таркиб ҳосил бўлишига ҳаракат қилдик», — деди у.

Аралашмани тайёрлаш учун ўқувчилар Ер тупроғи ва қумидан 20 фоиздан фойдаланишди, шунингдек, турли тузлар, кислоталар ва бошқа кимёвий моддаларни қўшишди. Қизнинг сўзларига кўра, хакатонга келган NASA вакиллари кейинчалик лабораторияда текшириб кўришди ва бу ҳақиқатан ҳам Марс тупроғига ўхшашини тасдиқлашди.

Кейинги босқич Ер организмлари, хусусан чувалчанглар, одатий тупроқ ва сунъий равишда қайта яратилган Марс тупроғининг 70% га 30% нисбатидаги аралашмасида қандай яшай олишини ўрганиш бўлди.

Бундан ташқари, жамоа Ой реголити ва Марс тупроғи таркибининг яна бир вариантини қайта яратиш устида ишламоқда. Бунинг учун ўқувчилар кимёвий таркиби бўйича янги тажрибалар учун жуда мос келадиган вулқоннинг қотган лава парчаларидан фойдаланишни режалаштиришмоқда.

Астрономия институти кичик илмий ходими Ёдгор Ражабов бу қадар кўп ташриф буюрувчилар оқимини кутмаганини тан олди.

Кўпчилик мактаб ўқувчилари иккита телескоп ёнида тўхтаб қолишди.

Болаларга қурилмаларни мустақил созлаш, фокусни ўзгартириш ва махсус фильтрлар орқали Қуёшни кузатишга ёрдам берилди, шунингдек, унда нима учун доғлар борлиги тушунтирилди.

«Биз уларга ушбу ва бошқа телескоплар орқали Ой ва унинг кратерларини, шунингдек, Қуёш тизими сайёраларини кўриш мумкинлигини сўзлаб бердик. Менинг ёшлигимда ҳам, эҳтимол, шундай тадбирлар ўтказилгандир, лекин мен улар ҳақида билмасдим. Агар мен шундай тадбирга ташриф буюрганимда, эҳтимол, илм-фанга янада эртароқ қизиққан бўлардим», — деди Ёдгор Ражабов.

Фестивалдаги илм-фан фақат табиий фанлар билан чекланиб қолмади. Алоҳида стол эбру — сув юзасида нақшлар яратиш ва кейинчалик расмни қоғозга кўчириш санъатига бағишланди.

«„Эбру“ сўзи бизга форс тилидан кириб келган бўлиб, „ҳаво булутлари“ деб таржима қилинади. Агар нақшларга қарасангиз, улар ҳамиша турлича ва ҳақиқатан ҳам вазнсиздек кўринади», — тушунтирди Шарқшунослик институти консервация ва реставрация бўлими мудири, фан доктори Башорат Хўжаева.

Башорат Хўжаева эбру техникаси XVI асрда Бухорода қўлланилганини сўзлаб берди. Бундай нақшли қоғозлар китоб муқоваларини безашда ишлатилган. Вақт ўтиши билан ҳунармандчилик асосидаги бу ишлаб чиқариш анъанаси аста-секин сўнди. Шу билан бирга, Туркияда эбру ривожланишда давом этди ва оммабоплигини сақлаб қолди. Бугунги кунда бундай қоғоз, жумладан, хаттотлик ва бошқа бадиий ишлар учун ишлатилади.

«Нақшларни яратиш учун денгиз ўтлари конценрати билан заччаланган сув ва табиий пигментлар керак бўлади. Кукун шаклидаги бўёқлар иш олдидан сув ва ўт билан аралаштирилади, бунинг шарофати билан улар юзада ушланиб қолади ва расмни шакллантиришга имкон беради. Бу техника кузатувчанлик ва аниқликни талаб қилади, бўёқнинг сувдаги ҳаракати материалларнинг хусусиятларига ва инсоннинг ҳаракатларига боғлиқ», — деди Башорат Хўжаева.

Илмий фестиваль ташриф буюрувчилари сувда такрорланмас расм яратишга ҳаракат қилишлари, унга оқ варақни ботириб, қуритгандан сўнг қоғоздаги «ҳаво булутлари»ни ўзлари билан олиб кетишлари мумкин эди.

Болаларни қизиқтиришнинг яна бир усулини Микробиология институти ходимлари таклиф қилишди. Уларнинг майдончасида мактаб ўқувчилари имбирь печеньеларини бактериялар ва ўтлар расмлари билан безатиб, бир вақтнинг ўзида микроорганизмлар дунёси билан танишишди. Одам микробиомаси лабораторияси кичик илмий ходими Дилдора Амирсаидова болалар оқими чексиздек туюлганини сўзлаб берди.

Печенье билан машғулотдан ташқари, болалар тайёрланган деталлардан қуш уяларини йиғишлари мумкин эди. Тайёр конструкцияларни ўзлари билан олиб кетишга ёки қушлар кўп бўлган Ботаника боғи ҳудудида қолдиришга рухсат берилди.

«Вақт билинмай ўтиб кетди. Столдаги жойлар хоҳловчилардан камроқ эди, ҳамма ҳам ўзини синаб кўришга улгурмади. Болаларга қизиқ бўлди, ҳар бирига вақт ажратгинг келади. Бундай фестивальлар муҳим, уларни имкон қадар тез-тез ўтказиш керак», — деди Дилдора Амирсаидова.

Фестиваль якунида Ботаника боғида, шунингдек, шўрланиш, тупроқ деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш бўйича инновацион ечим лойиҳаси билан Ботаника институти биринчи ўринни эгаллаган республика илмий хакатони якунлари чиқарилди.

Дилдора Амирсаидова хайрлаша туриб, бир кун ўтадиган фестиваль вақт бўйича чекланганидан афсусда эканини билдирди. Ташриф буюрувчилар тажрибага қизиқиб қолишлари мумкин, аммо ҳамиша ҳам унинг тамойилларини тушуниб етишга улгурмайдилар. Formula 35 фестивали мактаб дарсларининг ўрнини боса олмайди, аммо улар учун қимматли қўшимча, кимдир учун эса — илм-фанга биринчи қадам учун илҳом бўлиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.