Ижтимоий муассасалар пуллик хизматлар кўрсатади
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги муассасалари пуллик хизматлар кўрсатиши, ўз маҳсулотларини сотиши ва мол-мулкини ижарага бериши мумкин бўлади. Олинган даромадлар ҳисобидан ходимларга лавозим маошининг 300 фоизигача бўлган миқдорда устамалар белгилаш ва ҳар чоракда бешта маошгача бўлган миқдорда мукофотлар тўлашга рухсат этилади.

Ижтимоий муассасалар пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади
Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2026 йилдаги 493-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи муассасаларда бюджетдан ташқари маблағлар манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Ҳужжат билан Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи муассасалар томонидан пуллик хизматлар кўрсатиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, мол-мулкни ижарага бериш, шунингдек, муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига қўшимча маблағлар жалб этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Агентлик ҳар йили 15 декабрга қадар келгуси йил учун муассасаларда пуллик хизматлар ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг ривожлантириш жамғармаларидан тушадиган даромадларни кўпайтиришга қаратилган йиллик прогноз кўрсаткичларини тасдиқлайди, шунингдек, уларнинг бажарилишини мониторинг қилади.
Бюджетдан ташқари молиялаштириш манбаларини кенгайтириш мақсадида давлат буюртмачиларига муассасаларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни бир молиявий йил давомида БҲМнинг 1 500 бараваридан ошмайдиган миқдорда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилишга рухсат этилади.
Пуллик хизматлар сирасига реабилитация, тиббий диагностика, даволаш, парваришлаш, дефектолог ва психологлар хизматлари киритилди. Бунда давлат томонидан кафолатланган хизматлар пуллик асосда кўрсатилиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, ходимларни пуллик хизматлар кўрсатишга мажбурий жалб этиш тақиқланади.
Пуллик хизматлар ва маҳсулотларни сотишдан тушган даромадлар ҳисобидан ходимларга лавозим маошининг 300 фоизигача миқдорда устамалар, энг юқори натижа кўрсатган ходимларга эса ҳар чоракда бешта маошгача миқдорда мукофотлар тўланиши мумкин.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 18.09.2026 йилдан кучга кирди.

