Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларига 300 фоиз устама оммавий равишда берилмайди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларига 300 фоиз устама оммавий тарзда берилмайди
Ижтимоий тармоқларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг 17-сентябрдаги қарорига мувофиқ 300 фоизгача устама ва 13,6 миллион сўмгача мукофот берилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Агентлик эса бу маълумотларда қарор мазмуни тўлиқ ёритилмаганини билдирди.
Идора изоҳига кўра, қарор билан унинг тизимидаги тиббий-ижтимоий ва таълим муассасаларида бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби белгиланган. Унга биноан, ҳар йили муассасаларнинг пуллик хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича прогноз кўрсаткичлари белгиланади.
Мазкур кўрсаткичларни бажаришга ҳисса қўшган ходимларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун меҳнат терапиясини йўлга қўйиш, уларнинг касбий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу фаолиятдан шаклланган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ҳамда шу жараёнга ҳисса қўшган ходимларни рағбатлантириш мумкин.
Агентлик барча ходимларга мажбурий равишда 300 фоиз устама берилади, деган қоида мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлади. Қарорда кўрсатилган 300 фоизгача, 5 бараваригача ёки 10 бараваригача бўлган миқдорлар рағбатлантиришнинг энг юқори чегараларини англатади.
Рағбатлантириш миқдори муассасада шаклланган буджетдан ташқари маблағлар, ходимнинг ушбу жараёнга қўшган ҳиссаси ва белгиланган тартиб асосида аниқланади. Шу сабабли мазкур тўловлар барча ходимларга бир хил ёки мажбурий тарзда берилмайди.
Шунингдек, ходимларнинг лавозим маошига давлат бюджети ҳисобидан мажбурий равишда 300 фоиз қўшимча тўлов жорий этилмаган. Муассасада тегишли буджетдан ташқари маблағ шаклланмаган бўлса, ушбу маблағлар ҳисобидан рағбатлантириш ҳам амалга оширилмайди.

