Ҳусийлар Қизил денгиздаги Перим ороли ва Дубаб шаҳарчасини эгаллаб олди

**Ҳусийлар Қизил денгиздаги Перим ороли ва Дубаб шаҳарчасини қўлга олди**
Яман ҳукуматидаги манбалар Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғозида жойлашган Перим ороли ҳамда Дубаб шаҳарчасини эгаллаб олганини билдирди. Мазкур ҳудуд дунёдаги энг муҳим денгиз йўлларидан бири саналади.
Ҳусийларнинг бу қадамı энергия бозорларига таҳдид солаётгани ва Яқин Шарқдаги урушни янада кескинлаштираётгани айтилмоқда. Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Яман ҳукумати кучлари Перим оролидан чекингани таъкидланади.
“Ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғозини тўлиқ эгалласа, Эрон АҚШ билан урушда катта устунликка эга бўлади. Бу ҳолат нефт етказиб беришни камайтиради ва нефт нархининг кескин ошишига олиб келади”, дейилади хабарда.
Дунёдаги энг йирик нефт экспортчиси бўлган Саудия Арабистони Ҳормуз бўғози ёпилгач, айнан Қизил денгиздан фойдаланаётган эди. Эрон эса ҳусийларга ҳарбий буйруқлар бераётганини расман рад этиб келади.
**Ҳукумат кучлари қарши ҳужумга тайёрланмоқда**
Яман ҳукумат кучлари ҳусийлар эгаллаган ҳудудларни қайтариб олишга уриниши маълум қилинди. Улар стратегик жойларда “террорчи” ҳусийларни йўқ қилиш учун қурол ва самолётлардан фойдаланишини билдирди. Бу ҳудудлар қаторига 10-сентябр куни ҳусийлар эгаллаган ал-Муха шаҳри ва Ҳаниш ороллари ҳам киради.
Полковник Мажид ан-Назилий тинч аҳолини Тайиз ва ал-Муха шаҳарлари орасидаги йўлдан фойдаланмасликка ҳамда ҳусийларнинг техникаларидан узоқроқ юришга чақирди.
Сўнгги кунларда тўқнашувлар янада кучайган. Ҳусийлар мамлакатнинг узун соҳил чизиғини назорат қилишга ўтмоқда. Реутерс манбаларига кўра, ҳусийларнинг бу тезкор ҳужумлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўрсатмаси билан амалга оширилган.
Реутерсънинг ёзишича, Эрон ҳусийларга Саудия Арабистонига ҳужумларни кўпайтиришни буюрган ҳамда бунинг учун кўпроқ пул, қурол ва зобитлар ажратишни ваъда қилган.

