Дунё

Яманда ҳусийчилар Моха порт шаҳрини эгаллаб олди

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар Яманнинг ғарбий соҳилидаги Моха порт шаҳрини эгаллаб, Қизил денгизнинг жанубий чиқишида жойлашган стратегик Боб ал-Мандаб бўғози яқинидаги позицияларини мустаҳкамлади. Бу ҳудуд устидан назоратнинг ўзгариши жаҳон нефт таъминоти ва денгиз савдосига таъсир кўрсатиши мумкин.

Яманда ҳусийчилар Моха порт шаҳрини қўлга олди

Реутерс агентлигининг Яман ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар беришича, ҳусийчилар Моха порт шаҳрини эгаллаб, Қизил денгиз соҳили бўйлаб юришини давом эттирмоқда.

Моханинг эгалланиши ҳусийчиларни стратегик аҳамиятга эга Боб ал-Мандаб бўғозига янада яқинлаштирди. Бу бўғоз Қизил денгизни Аден кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайдиган асосий денгиз йўлларидан бири ҳисобланади.

Боб ал-Мандаб АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин янада муҳим аҳамият касб этди. У Ҳўрмуз бўғози блокадаси сабаб нефт етказиб беришда юзага келган узилишларни қисман қоплаш имконини берувчи муқобил савдо йўли сифатида фойдаланилмоқда.

Реутерс қайд этишича, агар Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийчилар Боб ал-Мандаб устидан тўлиқ назорат ўрнаца, бу Теҳронга муҳим ҳарбий ва стратегик устунлик бериши мумкин. Бундай ҳолат энергия ресурслари етказиб берилишининг қисқариши ва жаҳон бозорида нефт нархларининг кескин ошиши хавфини кучайтиради.

Ҳусийчиларнинг Мохага юриши АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан уруш 2026-йил ноябридаги Конгрессга оралиқ сайловлардан кейин тугашини кутаётганини билдирганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди.

Агентликка кўра, ҳусийчилар Боб ал-Мандаб устидан назоратни сақлаб қолса ёки уни тўлиқ эгалласа, Вашингтоннинг можародан чиқиш бўйича имкониятлари чекланиши мумкин.

Айни пайтда Яманнинг халқаро тан олинган ҳукумати кучлари ва уларнинг иттифоқчилари Қизил денгиз соҳили бўйлаб жануб томон чекинишга мажбур бўлмоқда.

Ҳусийчилар вакиллари эса Қизил денгиздаги кема қатнови Саудия Арабистонига тегишли кемалардан ташқари барча компаниялар учун хавфсиз эканини билдирган. Саудия Арабистони дунёдаги йирик нефт экспортчиларидан бири бўлиб, Ямандаги можарода ҳусийчиларга қарши томонни қўллаб-қувватламоқда.

Сентабр бошида ҳусийчилар Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиришини эълон қилиб, Саудия Арабистони жанубидаги тўртта шаҳарга зарбалар берган. Ҳужумлар оқибатида 70 дан ортиқ киши жабрланган, нефт обьектларида ёнғинлар келиб чиққан.

Бунга жавобан Саудия Арабистони ҳусийчилар назоратидаги бир нечта вилоятга 60 дан ортиқ авиаудар берган.

Яманда фуқаролик уруши 2014-йилдан бери давом этмоқда. Можаро натижасида мамлакат амалда бир нечта кучлар назоратидаги ҳудудларга бўлиниб кетган. Ҳусийчилар Яманнинг шимолий ва ғарбий вилоятлари, жумладан, пойтахт Санони назорат қилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.