ҲУМО миллий тўлов тизими “Халқлар дўстлиги” саройининг навигациясини улуғвор бинонинг меъморий ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда янгилади
Янги навигация тизими Сарой ҳудудини ташриф буюрувчилар учун янада тушунарли ва қулай қилади, шу билан бирга, унинг меъморий ва визуал хусусиятини сақлаб қолади.

ҲУМО миллий тўлов тизими “Халқлар дўстлиги” саройининг навигация тизимини улуғвор бинонинг меъморий бетакрорлигини сақлаган ҳолда янгилади
45 йил мобайнида “Халқлар дўстлиги” саройи Тошкентдаги энг муҳим ижтимоий ва маданий масканлардан бирига айланди. Бу ерда консертлар, спектакллар, халқаро ҳамда маҳаллий тадбирлар ўтказилади, бино эса пойтахт меъморий қиёфасининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.
1977–1981-йилларда қурилган Сарой бугун ҳам шаҳар маданий ҳаётида ўз аҳамиятини йўқотмаган. 2026-йилда унинг меъморий қадри халқаро миқёсда ҳам тан олинди: “Халқлар дўстлиги” саройи яна тўққизта обьект билан бирга ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Тошкент модернизм меъморчилиги мажмуасидан ўрин олди.
Саройнинг 45 йиллиги муносабати билан ҲУМО миллий тўлов тизими сарой маъмурияти билан ҳамкорликда бино ичидаги навигация тизимини янгилаш лойиҳасини амалга оширди. Асосий мақсад улкан ва кўп қаватли маконни ташриф буюрувчилар учун янада тушунарли ҳамда қулай қилиш, шу билан бирга обьектнинг меъморий характери ва визуал ўзига хослигини сақлаб қолиш эди.
Янги навигация тизими изчил маршрут тамойили асосида ишлаб чиқилди: ташриф буюрувчи Сарой бўйлаб ҳаракатланишнинг ҳар бир босқичида — киришдан тортиб томошабинлар залидаги ўз жойига етиб боргунча — зарур ахборотни олади. Янгиланган хариталар, пол усти кўрсаткичлари, девордаги ва осма йўналтиргичлар йўналишни тез аниқлаш, керакли қават, сектор, қатор ва жойни топиш имконини беради.
Лойиҳа устидаги ишлар барча босқичларда — консепсия ишлаб чиқишдан навигация унсурларини жойлаштиришгача — Сарой маъмурияти билан бирга олиб борилди. Янги ечимларнинг мавжуд меъморчилик билан уйғунлашиши ва бинонинг визуал ўзига хослигига путур етказмаслигига алоҳида эътибор қаратилди.
“Халқлар дўстлиги” саройи — Ўзбекистон учун қадрли маскан ва ЮНЕСКО эътироф этган меъморий мероснинг бир қисмидир. Шу сабабли бу лойиҳада замонавий ечимлар билан бино меъморчилигига эҳтиёткорона муносабат ўртасида мувозанат топиш биз учун принсипал аҳамиятга эга бўлди.

