Маҳаллий

Тошкент марказида яна бир «яшил тўлқин» ишга туширилди

«Яшил тўлқин»да ҳайдовчи ҳаракатни яшил сигналда бошласа, белгиланган тезлик меъёрига риоя қилиб, бир маромда ҳаракатланса,

Тошкент марказида яна бир "яшил тўлқин" тизими ишга туширилди. Эндиликда Амир Темур хиёбони атрофидаги 5 та светофор обьекти ягона "яшил тўлқин" алгоритми асосида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу тизим йўл ҳаракатини тартибга солиш ва светофорлар олдидаги кераксиз тўхташларни камайтиришга қаратилган.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида хиёбон атрофи ва унга туташ чорраҳаларга 5 та янги светофор ўрнатган эди. Ҳозирда бу светофорлар ўзаро синхронлаштирилди.

Тизим икки йўналишда ҳаракатни мувофиқлаштиради. Мисол учун, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасида яшил чироқда ҳаракатни бошлаган ҳайдовчи айланма чорраҳадан ўтиб, светофорларда тўхтамасдан Амир Темур кўчаси бўйлаб Олой бозори томон ҳаракатланиши мумкин.

Қарама-қарши йўналишда ҳам, Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан ҳаракатланаётган автомобиллар белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда айланма чорраҳадан ўтиб, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасигача "яшил тўлқин" режимида ҳаракатлана олади.

"Яшил тўлқин"да барча светофорларда яшил чироқ бир вақтда ёнмайди. Автомобилнинг бир светофордан кейинги светофорга етиб бориши учун зарур бўлган вақт ҳисобга олиниб, яшил сигналлар маълум вақт оралиғида навбатма-навбат ёқилади.

Агар ҳайдовчи ҳаракатни яшил сигналда бошласа, белгиланган тезлик меъёрига риоя қилса ва ҳаракатни бир маромда давом эттирса, кейинги светофорларга яшил сигнал ёниб турган вақтда етиб бориши мумкин.

Мутахассислар "яшил тўлқин" тезликни ошириш учун эмас, балки ҳаракатни бир текис ва хавфсиз ташкил этиш учун жорий қилинганини таъкидламоқда.

Тизимдан самарали фойдаланиш учун ҳайдовчиларга яшил сигналда ҳаракатни бошлаш, белгиланган тезликка амал қилиш, кескин тезлашиш ва тормоз беришдан сақланиш, хавфсиз масофани сақлаш ҳамда пиёдаларга йўл бериш тавсия этилади.

Айни пайтда Амир Темур хиёбонидаги айланма чорраҳадан Махтумқули кўчасигача бўлган йўналишни ҳам "яшил тўлқин" тизимига улаш алгоритми ишлаб чиқилмоқда. Бу тизим қамровини кенгайтириб, мазкур йўналишда ҳаракатланишни янада қулайлаштириши кутилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.