“Ҳозир янги университет очишга эҳтиёж йўқ”. Олий таълим вазири хусусий олийгоҳлар, имтиҳонлар ва қабул коталари ҳақида

“Ҳозир янги университет очишга ҳожат йўқ”, — деди Олий таълим вазири хусусий олийгоҳлар, имтиҳонлар ва қабул квоталари ҳақида.
Ўзбекистонда мавжуд олий таълим муассасаларининг сиғими барча эҳтиёжларни тўлиқ қоплайди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 14-август куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман доирасида “Дарё” мухбирига берган интервюсида маълум қилди.
Олий таълим хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро анжуманда вазир олий таълим соҳасида рақобат кучайгани, бироқ сўнгги йилларда хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бугунги кунда мавжуд олийгоҳлар барча эҳтиёжни қоплашини таъкидлади.
“Ҳозирда мавжуд университетларимизнинг сиғими меҳнат бозоридаги барча эҳтиёжни қоплашга етарли. Мана, 56,7 баллдан юқори олганлар олий таълимга киряпти. Бугун 256 мингдан кўпроқ талаба-ёшларимиз бор. Бор университетларимизнинг сиғими буни таъминлаб бера олади. Бугунги кунда яна университет очишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки янги очилаверса, сифациз таълим берадиган университетлар кўпайиб қолиши мумкин. Бизга университетлар жой тўлиб бўлгандан кейин, ҳалиги 56,7 баллдан паст олган ёшларни мажбурлаб ўқитиш учун керак эмас”, деди вазир.
Шунингдек, у мамлакатда касбий таълимга кўпроқ урғу бериш зарурлигини, техникумлар халқаро даражадаги муассасаларга айлантирилаётганини қайд этди.
Хусусан, бу йил Ўзбекистонда 100 та техникум шундай даражага олиб чиқилиши, битирувчилар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам юқори маошли иш топиши мумкинлигини билдирди.
“Эртага битириб чиққандан кейин дипломи асосида нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларида ишлаши мумкин. Мана пайвандчиларнинг ҳозирги маоши камида 1,5 минг доллар. Халқаро даражада эса икки минг долларгача. Сантехникларга ҳам жуда юқори маош таклиф қилишяпти. Электрикларга юқори маош таклиф этилмоқда. Бизда олий маълумотлилардан ҳам кўпроқ маош оладиган касблар бор.
Бу бир умр сантехник бўлиб қоласан, дегани эмас. Икки ёки уч йилдан кейин олий таълимда ўқийман деса, суҳбат асосида университетга кириб таълимни иккинчи босқичдан давом эттириши мумкин. Шунинг учун ҳозир узлуксиз таълим тизими яратилган”, дея тушунтирди Қўнғиротбой Шарипов.
Қўнғиротбой Шарипов мандат чиқишидан кейин кўпчиликда имтиҳондан йиқилиш билан боғлиқ хавотирлар бошланишини айтиб, жорий йилда бирданига бешта университетга кириш имконияти яратилгани, яна битта қўшиш таклифи бўлганини маълум қилди.
Вазир агар ёшлар шунча имкониятдан фойдаланиб ҳам ўқишга кира олмаса, албатта, касбий таълимни танлаши зарурлигини ва шу тариқа 1-2 йилдан кейин ўз йўналиши бўйича олий таълимга ўтиб кеца бўлишини қўшимча қилди.
Вазир абитуриентларнинг имтиҳонлардаги минимал баллни йиға олмаётгани ва имтиҳонларни такомиллаштириш масаласига тўхталиб, барча мактаб битирувчилари олий маълумотли бўлиши шарт эмаслигини, бутун дунё меҳнат бозорида ҳам асосий эҳтиёж ўрта махсус таълим олган кадрларга тўғри келишини маълум қилди.
“Биз минимал 56,7 балл олган ёшларимизни таҳлил қилиб кўрдик. Бундан тўрт йил олдин уларнинг улуши 46 фоиз бўлган экан. Бугун 34 фоиз. Паст балл олиш улуши йилдан-йилга камаймоқда. Мана, бугун абитуриентларнинг 74 фоизи 56,7 дан юқори балл олган. Бу яхшиликка, паст балл оладиган ёшларимиз сони қисқаряпти. Демак, мактабда таълим сифати яхшиланяпти деган хулоса қилиш мумкин”, деди Олий таълим вазири.
Шу билан бирга, эртага ёшлар ишсиз юрмаслиги учун бугун меҳнат бозорига мос кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлаб, бу йил давлат бюджетидан 36 мингта грант ўрни ва 200 мингга яқин контракт ўринлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланганини қўшимча қилди.
Хусусий ва давлат университетларига қўйиладиган талаблар ҳамда тенг шароит яратиш масаласига тўхталаркан, Қўнғиротбой Шарипов рақобат деганда ҳар бир олий таълим муассасаси мутахассисни кафолатли иш билан таъминлаши тушунилишини қайд этди.
“Рақобат деганда ҳар бир олий таълим муассасаси бозорга мос кадр тайёрлаб, эртага мутахассисни кафолатли иш билан таъминлаши керак. Бизнинг олдимизда турган энг катта мезон — битирувчиларнинг иш билан таъминланиши. У яхши ўқитяптими ёки ёмонми, бунга баҳони халқ ёки иш берувчилар беради”, дея хулоса қилди вазир.
Унга кўра, битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичи маълум фоиздан паст бўлган олийгоҳларни бошқа университетларга қўшиб юбориш ёки ёпиш бўйича чора кўрилади.
Вазирга кўра, ҳозирда хусусий ва давлат олийгоҳларига қабул, йўналишлар ҳамда баҳолаш бўйича талаблар бир хил бўлиши таъминланмоқда.

