Маҳаллий

Ўзбекистондаги барча олийгоҳларда карьера марказлари мажбурий бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2027-йил 1-январдан бошлаб барча олий таълим муассасаларида, мулкчилик шаклидан қатъи назар, карьера марказлари фаолиятини йўлга қўйиш мажбурий бўлиши мумкин. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида кўрсатилган.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу лойиҳага кўра, карьера марказлари раҳбар ва ходимларига нисбатан ягона малака талаблари, уларнинг малакасини ошириш, баҳолаш ва сертификатлаш тартиби жорий этилади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча олий таълим ташкилотларида карьера марказларининг ишга туширилишини алоҳида назоратга олади.

Карьера маркази олий таълим муассасасида талабалар ва битирувчиларни касбга йўналтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш, амалиёт ва стажировка жараёнларини мувофиқлаштириш, шунингдек, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ва касбий ривожланишини мониторинг қилиш бўйича асосий бўлинма ҳисобланади.

Ушбу марказларнинг фаолияти олий таълим ташкилотининг таълим дастурлари сифати, меҳнат бозори эҳтиёжларига мослиги, битирувчиларнинг барқарор бандлик кўрсаткичлари ва иш берувчиларнинг тайёрланаётган кадрлардан қониқиш даражаси асосида мунтазам равишда мониторинг ва баҳоланади. Карьера марказлари фаолияти натижалари олий таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлаш ва давлат аккредитациясидан ўтказишда муҳим индикатор сифатида ҳисобга олинади.

Карьера маркази раҳбари ва ходимлари лавозимларига номзодлар “Карьера маркази менежери” тайёрлов дастурини муваффақиятли тамомлаган, касбий баҳолаш (сертификатлаш) жараёнидан ўтган ва тегишли сертификатга эга бўлган шахслар орасидан танланади.

2028-йил 1-январдан бошлаб янги ташкил этиладиган нодавлат олий таълим ташкилотларида фаолиятининг иккинчи йилидан бошлаб карьера марказлари фаолиятини йўлга қўйиш мажбурий бўлади. Агар таълим ташкилотида карьера маркази ташкил этилмаганлиги аниқланса, ваколатли орган томонидан таълим ташкилотининг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даъво киритилади. Карьера марказлари фаолияти йўлга қўйилмаган давлат олий таълим ташкилотларини ташкил этиш тақиқланади.

Олий таълим ташкилотлари раҳбарлари 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб карьера марказлари фаолиятини ушбу қарор талаблари асосида қайта ташкил этади. Улар карьера марказлари учун алоҳида иш режаси, КПИ кўрсаткичлари, иш берувчилар базаси, талабаларнинг карьера портфолиоси ва битирувчилар мониторинги тизимини жорий этади. Ҳар йили камида бир марта талабалар, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида карьера хизматлари сифати бўйича сўровнома ўтказилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда битирувчилар маълумотларини реал вақтда таҳлил қилиш учун ўзларининг ахборот тизимларини career.edu.уз электрон платформасига интеграция қилади. Иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари тўғрисидаги маълумотларни карьера марказларига мунтазам тақдим этиб бориш чоралари кўрилади.

Ўқув йили якунлари бўйича битирувчиларнинг ишга жойлашиш кўрсаткичлари 50 фоиздан кам бўлган тақдирда, таълим ташкилотининг келгуси ўқув йили учун янги таълим дастурларини жорий этишга рухсат берилмайди.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 27-августгача давом этади.

2026-йил июн ойида Шавкат Мирзиёевга олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари бўйича тақдимотда битирувчиларни иш билан таъминлашда олийгоҳлардаги карьера марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган эди. Шу мақсадда барча олий таълим муассасаларида карьера марказлари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш ва уларнинг натижадорлигини ошириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинган эди.

“Ўзбекистон 2030” стратегиясида белгиланганидек, 2026-йил сентябрдан “Карьера” онлайн платформаси ишга туширилади. Ушбу лойиҳа олий ва касбий таълим муассасалари талабалари ҳамда битирувчиларига ишга жойлашиш имконини беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.