Хусусий университет ректорлари учун янги талаблар таклиф қилинди
Ўзбекистонда нодавлат олий таълим ташкилотлари ректорларига қўйиладиган малака талабларини давлат ОТМ раҳбарларига белгиланган мезонларга тенглаштириш таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, хусусий университет ректорларидан илмий даража ва унвон, шунингдек, камида беш йиллик раҳбарлик тажрибасига эга бўлиш талаб қилиниши мумкин.

Хусусий университет ректорларига нисбатан янги талаблар жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 21-февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга ўзгартириш киритишни кўзда тутувчи қарор лойиҳасида акс этган бўлиб, у жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, нодавлат олий таълим ташкилотлари ректорларига давлат ОТМ ректорларига қўйиладиган малака талабларига ўхшаш мезонлар татбиқ этилиши таклиф қилинмоқда. Хусусан, ректор олий таълим ташкилотида бошқарув лавозимида ишлаш учун зарур касбий ва ташкилотчилик қобилиятига, таълим соҳасида раҳбарлик тажрибаси ҳамда тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлиши шарт.
Шунингдек, номзоддан интеллект, маданият, етакчилик, ижодкорлик, хушмуомалалик, ташкилотчилик, ташаббускорлик ва тадбиркорлик каби шахсий фазилатларга эга бўлиш талаб этилиши назарда тутилган.
Яна бир муҳим талаб илмий даража ва унвон билан боғлиқ. Лойиҳага биноан, хусусий ОТМ ректори университетда бакалавр ёки магистрлар тайёрланадиган йўналишлардан бири бўйича фан доктори (ДСс) ёки фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражасига, шунингдек, профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлиши лозим.
Бундан ташқари, номзод кафедра мудири, факултет декани ёки унинг ўринбосари, проректор каби раҳбарлик лавозимларида ёхуд олий таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларида камида беш йил самарали ишлаган бўлиши талаб этилиши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги талабларга мувофиқлаштириш учун икки ой муддат бериш ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирча мазкур талаблар қарор лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасидан ўтмоқда.

