Маҳаллий

Ҳокимлар, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолияти бош вазир ўринбосари мувофиқлаштирувида бирлаштирилади

Маҳаллалар билан ишлаш бўйича янги бош вазир ўринбосари Ғафуржон Мирзаев ҳокимлар, туман идоралари, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолиятини мувофиқлаштиради. Маҳаллаларга оид барча масалаларни ҳафтада бир марта ягона йиғилишда кўриб чиқиш, тузилмалар томонидан фойдаланиладиган электрон платформаларни эса интеграция қилиш топширилди.

Хокимлар, «маҳалла еттилиги» ва банклар фаолияти бош вазир ўринбосари мувофиқлаштирувида бирлаштирилади

Ўзбекистонда маҳаллалар фаолиятига оид масалаларни бош вазирнинг маҳаллалар билан ишлаш бўйича ўринбосари раҳбарлигида ягона ҳафталик йиғилишга олиб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда 9 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда сўз борди.

Йиғилишда таъкидланганидек, яқинда имзоланган президент фармони асосида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозими жорий этилди.

Ушбу лавозимни Ғафуржон Ғаниевич Мирзаев эгаллади. У илгари президентнинг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси эди.

Унинг зиммасига хокимлар, туман идоралари, маҳалла «еттилиги» ва банклар ишини мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини шакллантириш, шунингдек, улар фойдаланадиган электрон платформаларни бирлаштириш вазифаси юклатилди.

Эндиликда маҳаллалар билан боғлиқ масалалар бўйича «еттилик» фаолиятини мувофиқлаштирувчи раҳбарлар тарқоқ йиғилишлар ўтказмаслиги керак. Барча мавзулар ҳафтада бир марта бош вазир ўринбосари раислигида, барча масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилади.

Йиғилишда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада жамоат ҳаётига бефарқ бўлмаган фаол аҳоли ва кекса авлод вакиллари борлиги таъкидланди. Уларни маҳалла атрофида бирлаштириш ҳамда ижтимоий ва бунёдкорлик ташаббусларига жалб этиш таклиф қилинмоқда.

Давлат раҳбарининг фикрича, бундай ёндашув боқимандалик кайфияти ва бефарқликни енгишга, шунингдек, маҳаллий масалаларни ҳал этишда аҳоли иштирокини оширишга ёрдам бериши керак.

Шавкат Мирзиёев маҳаллада ишларни тўғри ташкил этиш, давлат сиёсатини энг қуйи бўғингача етказиш ва ҳар бир оилани барқарор даромад манбаи билан таъминлаш барча даражадаги раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бундан аввалроқ, президентнинг 5 сентябрдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозими жорий этилган эди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг бошқарув ходимлари сони 235 нафар этиб белгиланди.

2024 йил январидан буён Маҳаллалар уюшмасига Қаҳрамон Қуронбоев раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар аввалроқ пайдо бўлган, бироқ кадрлар бўйича қарор сабаблари ва унинг кейинги иш жойига аниқлик киритилмаган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.