Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда ишига нолойиқ ҳоким ёрдамчилари янгиланади

Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда ишига нолойиқ ҳоким ёрдамчилари янгиланади
Ўзбекистондаги 8 минг 992 та маҳаллада ишига нолойиқ ҳоким ёрдамчилари янгиланади. Бу ҳақда 3-сентябр куни Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўтказади. Бунинг учун 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари вазифа бажарувчи этиб тайинланади, фидойи ва ташаббускор кадрлар лавозимига қайта тайинланиб, ишига нолойиқлар янгиланади.
Мутасаддиларга икки ой ичида ўқув маркази ташкил этиб, хориждан мутахассислар жалб қилиш вазифаси юклатилди. Ушбу марказда ҳоким ёрдамчилари “лойиҳабай” ишлашга ўқитилади.
Шунингдек, вилоят штаблари йил якунида ҳар бир тумандан энг яхши икки нафар ҳоким ёрдамчисини Хитой, Япония ва Туркияга малака оширишга юборади. Энг намунали ҳоким ёрдамчиларига алоҳида малака даражаси берилиб, 50 фоизгача устама тўланади.
Маҳалла банкирларини ҳам шу тартибда ўқитиш ва уларнинг хорижий стажировкасини ташкил этиш топширилди.
Бош прокуратурага банкирлар ва ҳоким ёрдамчиларининг мустақил қарор қабул қилишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш вазифаси белгиланди.

