Маҳаллий

Ҳоким ёрдамчилари халқ ичида («Шодлик» маҳалласи)

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Шодлик» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Дилбар Йўлчиева билан интервью.

Ҳоким ёрдамчилари халқ ичида («Шодлик» маҳалласи)

– Ўзингиз ҳақингизда қисқача гапириб берсангиз. Касбий йўлингиз қандай бошланган ва бу лавозимга қандай келиб қолдингиз?

– Мен ўз фаолиятимни Сирдарё вилояти Ғазначилик бошқармасида бошлаганман. У ерда давлат молияси, бюджет ижроси ва молиявий интизом бўйича катта тажриба орттирдим. Кейинчалик, маҳаллаларда янги тизим — ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилгач, аҳоли билан бевосита ишлаш истагида ушбу лавозимга ўтдим. Бугунги кунда асосий мақсадим — маҳалладаги ҳар бир оила билан ишлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини оширишга амалий ҳисса қўшишдир. Бу иш катта масъулият талаб этади, аммо одамларнинг миннатдорчилиги мени янада кўпроқ меҳнат қилишга илҳомлантиради.

– Маҳалланинг қиёфасини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Унда кимлар яшайди ва улар даромадларини қандай топадилар?

– «Шодлик» маҳалласи Гулистон шаҳридаги энг фаол ва жадал ривожланаётган маҳаллалардан биридир. Бу ерда турли касб эгалари, тадбиркорлар, ёш оилалар ва меҳнат фахрийлари истиқомат қилади. Аҳолининг аксарият қисми хизмат кўрсатиш соҳаси, савдо, кичик бизнес, шунингдек, давлат ташкилотлари ва хусусий компанияларда меҳнат қилади. Ўзини ўзи банд қилган ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаролар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Маҳаллада барча зарур ижтимоий инфратузилма мавжуд. Бу ерда 5 та тижорат банки, 1 та давлат таълим муассасаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, 2 та хусусий таълим муассасаси, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 5 та хусусий боғча, бир нечта саноат корхонаси ҳамда 164 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолият юритмоқда. Йўллар ва кўчаларни ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳоким ёрдамчиси сифатида бизнинг асосий вазифамиз — ҳар бир оиланинг салоҳиятини ўрганиш ва уларнинг даромадларини оширишга кўмаклашишдир. Биз тизимли равишда фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирамиз, имтиёзли кредитлар ва субсидиялар олишларига ёрдам берамиз, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз ва бўш иш ўринларига жойлашишларига кўмаклашамиз. Энг муҳими, биз ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашамиз ва одамларнинг муаммоларини жойида ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.

– Йўлингизнинг бошида сиз учун энг қийини нима бўлди ва буни қандай енгиб ўтдингиз?

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаган илк давримда энг катта қийинчилик қисқа вақт ичида маҳалладаги ҳар бир оиланинг аҳволи, эҳтиёжлари ва имкониятларини атрофлича ўрганиш бўлди. Шу боис ишимизни аҳоли билан шахсий мулоқотдан бошладик — хонадонма-хонадон юриб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладик. Аввалига айрим фуқаролар янги тизимга унчалик ишонишмади. Бироқ, амалий натижаларни кўрсатганимиздан сўнг, одамларнинг ишончи ортди. Бугунги кунда аҳоли бизга бемалол мурожаат қилмоқда ва биз биргаликда ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Менинг фикримча, ҳоким ёрдамчиси учун энг муҳим фазилат — одамларни тинглай билиш, улар билан мулоқотда бўлиш ва ҳар бир масалага индивидуал ёндашишдир. Айнан шу тамойил ишимиз самарадорлигини таъминламоқда.

– Ўтказилган тадқиқотлар асосида маҳаллада қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди?

– Ҳар бир оила билан мулоқот қилиш орқали биз маҳалланинг иқтисодий салоҳияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, «Шодлик» маҳалласида хизмат кўрсатиш соҳаси, савдо, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, кўплаб аҳоли вакилларида тикувчилик, пазандачилик, маиший хизмат кўрсатиш, автосервис ва хизмат кўрсатишнинг бошқа йўналишларига қизиқиш жуда юқори.

Айрим фуқароларда ўз бизнесини бошлаш учун етарли тажриба ва истак бор эди, бироқ уларга молиявий кўмак ёки маслаҳат зарур эди. Биз уларни имтиёзли кредитлаш дастурлари, субсидиялар ва касб-ҳунарга ўқитиш тизими билан боғлаб, ўз бизнесларини йўлга қўйишларига ёрдам бердик. Бугунги кунда асосий мақсадим — ҳар бир хонадон салоҳиятини даромад манбаига айлантиришдир. Зеро, маҳалланинг иқтисодий ривожланиши, биринчи навбатда, ҳар бир оиланинг барқарор даромадига боғлиқ.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.