“Ҳисор” давлат қўриқхонасида қор ёғди (фото)
Қашқадарё вилоятидаги ъҲисоръ давлат қўриқхонасининг Мираки ва Ғелон бўлимлари юқори ҳудудларида қор ёғди. Экология қўмитаси ҳудудда ҳавонинг кескин совиши кузатилганини маълум қилди.

“Ҳисор” давлат қўриқхонасига қор ёғди (фото)
Қашқадарё вилоятидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонасида қор ёғди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонасида ҳаво кескин совиб кетган ва қўриқхонанинг Мираки ҳамда Ғелон бўлимларининг юқори ҳудудлари қор билан қопланган.
Маълумот учун, “Ҳисор” давлат қўриқхонаси 1983-йилда Қашқадарё вилоятида “Ҳисор” тизмаси шимоли-ғарбий тармоқлари табиий комплексларини асл ҳолича сақлаб қолиш, улардаги табиий жараёнларнинг боришини ўрганиш, табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ёввойи табиатдаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган. Қўриқхона Ғелон, Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимларидан иборат.
“Ҳисор”нинг умумий майдони 80 986,1 гектарни ташкил этади. Шундан 24 308 гектари ўрмон билан қопланган, жумладан 12 203 гектари қалин ўрмонзорлар. 56 678 гектари эса ўрмон билан қопланмаган бўлиб, унинг ичида 171 гектар дарё ва кўллар, 31 819 гектар қоя ва жарликлар, 24 688 гектари яйловлар бор. Яна 35 000 гектар майдон баланд тоғлар, қоялар, жарликлар ва музликлардан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет жума кунигача Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлишини, айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлишини маълум қилганди.

