Ҳиндистоннинг уч йирик компанияси Янги Тошкент лойиҳаларига қизиқиш билдирди
Ҳиндистоннинг Ларсен & Тоубро, Адани Гроуп ва Релиансе Индустриес компаниялари вакиллари Янги Тошкентдаги инвестиция лойиҳалари билан танишди. Уларга муҳандислик инфратузилмаси, марказлашган иссиқлик таъминоти, турар жойлар ва савдо-кўнгилочар марказлар қурилиши бўйича таклифлар тақдим этилди.

Ҳиндистоннинг учта йирик компанияси Янги Тошкент лойиҳаларига қизиқиш билдирди
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи 15–16-октабр кунлари мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳамроҳлигида амалга оширилган.
Ташрифда Ларсен & Тоубро вице-президенти Ражан Бансал, Адани Гроупънинг Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича махсус вакили Ананд Кумар ҳамда Релиансе Индустриесънинг халқаро алоқалар бўйича директори Маҳеш Кумар қатнашган.
Мазкур сафар 12-октабр куни президент раислигида Янги Тошкентга хорижий инвесторларни жалб этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган.
Янги Тошкент дирексияси раҳбарияти меҳмонларга шаҳарни ривожлантириш режалари ва сармоя киритиш имкониятларини тақдим этган. Музокараларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, марказлашган иссиқлик таъминотини йўлга қўйиш, турар жой ва нотурар жой мажмуалари, йирик тижорат обьектлари ҳамда замонавий савдо-кўнгилочар марказлар қуриш масалалари кўриб чиқилган.
Тақдимотларда шаҳарсозликнинг замонавий тамойилларини қўллаш, илғор технологиялар ва халқаро тажрибани жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳиндистон компаниялари вакиллари лойиҳаларни батафсил ўрганиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўз таклифларини тайёрлаш ниятини билдирган. Томонлар музокараларни давом эттиришга келишиб олган.
Ташриф доирасида делегация президент раислигида ўтказилган Ёқилғи-энергетика тармоғи инвесторлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этган. Унда Релиансе Индустриес вакили Маҳеш Кумар Ўзбекистонда қуёш электр стансияларини қуриш ва электр энергиясини сақлаш тизимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

