Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий кемалари тўқнашиб кетди

**Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий кемалари денгизда тўқнашди**
Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий кемалари денгизда бир-бирига урилди. Ҳодисадан сўнг Ню-Деҳли Покистоннинг мамлакатдаги бош дипломатини чақиртирди.
Дипломатнинг чақиртирилиши Покистон ҳарбий-денгиз кучларининг номақбул ва нопрофессионал хатти-ҳаракатлари билан изоҳланди. Шу орқали Покистон ҳукуматига расмий норозилик билдирилди.
Бу ядровий қуролга эга икки қўшни ўртасида 2025-йилдаги тўрт кунлик ҳарбий тўқнашувдан бери юз берган илк очиқ ҳарбий кескинликдир. Кемалар тўқнашуви халқаро сувларда содир бўлган.
Ҳиндистон манбаларига кўра, 15-сентябр куни Арабистон денгизининг шимолий қисмида Покистон ҳарбий кемаси мунтазам кузатув миссиясини бажараётган Ҳиндистон кемасига юқори тезликда яқинлашган ва натижада тўқнашув юз берган.
“Зарба ҳеч қандай жиддий талофот етказмади. Аммо Покистоннинг хатти-ҳаракати икки давлат ўртасидаги ҳарбий машқлар, манёврлар ва қўшинлар ҳаракатини тартибга солувчи 1991-йилдаги келишувга тўғридан тўғри зиддир”, дея баёнот берди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Келишувга биноан, ҳар икки давлатнинг ҳарбий ва сувости кемалари халқаро сувларда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун бир-биридан камида уч денгиз мили (5,5 километр) масофани сақлаши керак. Покистон ҳукумати ва ҳарбийлари бу ҳолат юзасидан дарҳол изоҳ бермади.
Ҳиндистон эса чақиртирилган дипломат орқали Покистон томонига бундай ҳодисалар қайта такрорланмаслиги учун икки томонлама келишувларга амал қилиш зарурлигини урғулади. Шунингдек, Ҳиндистоннинг Исломободдаги дипломатига ҳам Покистон Ташқи ишлар вазирлигига худди шундай эътироз билдириш топширилди.
Ҳиндистон ва Покистон бир-бирининг пойтахтларида элчиларга эга эмас. 2019-йилдаги Кашмир можароси сабаб дипломатик муносабатлар даражаси пасайтирилган. Ўшандан бери дипломатик миссияларни муваққат ишлар вакиллари бошқариб келмоқда.
**Икки давлат ўртасидаги сўнгги тўқнашув**
2025-йил апрел ойида Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир минтақасидаги Паҳалгам шаҳри яқинида содир этилган терактдан кейин давлатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганди. Ўшанда “Қаршилик фронти” жангарилари сайёҳларга ҳужум қилиб, 26 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Ҳиндистон ҳужумда Покистонни айблаган, расман Исломобод эса ҳужумда иштирок этмаганини айтиб, айбловни рад этган. Кескинлик давомида Ҳиндистон Покистон билан 1960-йилдаги муҳим сув шартномасини тўхтатган ва ягона қуруқликдаги чегара ўтиш пунктини ёпган.
6-май куни Ҳиндистон “Синдур” операциясини бошлаб, Панжоб ва Покистоннинг Кашмир қисмига ракета зарбалари берган. Покистон бунга жавобан ўт очган ва 10-май куни Ҳиндистон базалари, аеродромлари ҳамда ракета омборига ҳужум қилган. Тегишли операция “Банян-ул-Марсус” деб номланган. Можаронинг энг кескин нуқтаси, турли манбаларга кўра, 125 тагача қирувчи самолёт иштирок этган ҳаво жанги бўлган.
10-май куни томонлар АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишди. 88 соат давом этган можаро якунида Ҳиндистон 100 дан ортиқ жангчи йўқ қилингани, 5 нафар ҳарбий ва 16 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди. Покистон эса 13 нафар ҳарбий ҳамда 40 нафар тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани, 78 нафар ҳарбий яраланганини маълум қилди.

