Дунё

Гаага суди ҳинд сувлари бўйича Покистон фойдасига қарор чиқарди

Гаагадаги суд Ҳиндистоннинг Ҳинд сувлари шартномасини бир томонлама бекор қилишига йўл қўймади

Гаагадаги арбитраж суди Ҳиндистоннинг 1960-йилда Покистон билан имзоланган Ҳинд сувлари шартномасини бир томонлама тўхтатиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарди.

31-август куни эълон қилинган қарорда Ҳиндистоннинг 2025-йил апрелида шартномани “тўхтатиб туриш” ҳақидаги қарори кўриб чиқилди. Арбитраж суди шартномани тўхтатиш ёки бекор қилиш учун Ҳиндистон келтириши мумкин бўлган асосларни ўрганиб чиқиб, уларнинг ҳеч бири бундай қарорни оқламайди деган хулосага келди.

Шунга кўра, Ҳинд сувлари шартномаси тўлиқ кучда қолади ва Ҳиндистон унда белгиланган мажбуриятларни, жумладан, ғарбий дарёларда қуриладиган гидроенергетика обьектларига оид талабларни бажариши шарт. Қарор бир овоздан қабул қилинди.

Суд Покистоннинг Ратле ГЕСи бўйича сўровини ҳам қисман қаноатлантирди. Ҳиндистонга тўғон девори ва сув қабул қилиш иншоотининг айрим қисмларини белгиланган даражадан юқори бетонлаш тақиқланди. Бу чеклов Жаҳон банки томонидан тайинланган нейтрал экспертнинг якуний қарори чиққандан кейин яна 90 кун давомида амал қилади. Эксперт хулосаси тахминан 2027-йил июлида чиқиши кутилмоқда.

“Ҳиндистонга мустақил эксперт қарор чиқаргунига қадар тўғон девори ва сув олиш иншоотининг айрим қисмларини белгиланган даражадан ортиқ бетонлаш тақиқланди. Бундан ташқари, Ҳиндистон обьект қурилиши жадвалидаги ўзгаришлар тўғрисида хабар беришга мажбур”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Ҳиндистон Ратле ГЕС қурилиш жадвалидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб бориши керак. Покистон сўраган яна икки вақтинчалик чора эса суд томонидан рад этилди.

Ратле ГЕС Ченаб дарёсида қурилмоқда. Покистон мазкур обьект ҳамда Кишенганга ГЕСнинг айрим техник ечимлари Ҳинд сувлари шартномаси талабларига зид эканини даъво қилиб келади. Ҳиндистон эса ғарбий дарёларда шартномада белгиланган шартлар асосида ГЕС қуриш ҳуқуқига эга эканини таъкидлайди.

Ҳиндистон арбитраж қарорини тан олмади. Ню Деҳли судни шартнома талабларига зид равишда тузилган деб ҳисобламоқда ва у Ҳиндистоннинг суверен қарорлари бўйича юрисдиксияга эга эмаслигини билдирди. Мамлакат Ҳинд сувлари шартномасини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори ҳамон кучда эканини маълум қилди.

Ҳинд сувлари шартномаси 1960-йилда Жаҳон банки воситачилигида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида имзоланган. Унга кўра, ғарбий дарёлар — Инд, Жаҳлум ва Ченаб сувларидан асосан Покистон, шарқий дарёлар — Рави, Биас ва Сатлеждан эса Ҳиндистон фойдаланади.

2025-йил апрелида Жамму ва Кашмирнинг Паҳалгам ҳудудида 26 киши ҳалок бўлган ҳужумдан кейин Ҳиндистон шартнома амал қилишини бир томонлама тўхтатган. Июн ойида мамлакат ички ишлар вазири Амит Шоҳ келишув “ҳеч қачон тикланмаслиги”ни билдириб, Покистонга оқиб ўтаётган сувнинг бир қисмини Рожастонга йўналтириш режаси борлигини айтган.

Покистон эса бундай ҳаракатларга кескин қаршилик билдириб келмоқда. 2025-йил августда бош вазир Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон Покистонга тегишли “бир томчи сувни ҳам” тортиб ололмаслигини айтган. Кейинчалик Исломобод Ню Деҳлини сувдан “қурол” сифатида фойдаланишда айблаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.