Ҳавони тозалаш мия фаолиятига ҳам таъсир қилиши мумкин - тадқиқот
Тадқиқот натижалари Ссиентифис Репорц илмий журналида эълон қилинган. Олимлар тажрибани лаборатория шароитида эмас, балки одамларнинг кундалик яшаш муҳитида ўтказган.

Ҳавони тозалаш мия фаолиятига ҳам таъсир қилиши мумкин — тадқиқот
Америкалик олимлар ҲЕПА-филтрли ҳаво тозалагичлардан 30 кун фойдаланиш 40 ёш ва ундан катта одамларда миянинг ижро функсиялари ҳамда ақлий мослашувчанлик билан боғлиқ вазифаларни бажариш тезлигини оширганини аниқлади. Тадқиқот давомида ҳаво тозалагич ишлаган пайтда хонадаги майда заррачалар консентрацияси ўртача 5,2 дан 2,5 микрограмм/куб метрга тушган.
Ҳаводаги майда заррачалар миқдорини камайтириш нафақат юрак-қон томир тизими, балки инсоннинг айрим когнитив қобилиятларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Америкалик олимлар ўтказган тажриба ҲЕПА-филтрли оддий ҳаво тозалагичдан бир ой фойдаланиш 40 ёш ва ундан катта иштирокчиларнинг айрим ақлий вазифаларни бажариш тезлигини сезиларли оширганини кўрсатди.
Инсон нафас олиш тизими 10 микрометрдан катта заррачаларни нисбатан яхши ушлаб қолади. Диаметри 2,5–10 микрометр бўлган заррачаларни тозалаш имконияти эса анча паст. ПМ2.5 деб аталадиган, диаметри 2,5 микрометр ва ундан кичик заррачалар эса ўпка орқали қон оқимига ўтиши мумкин.
Манбада қайд этилишича, бундай заррачалар тромбоцитларнинг ҳаддан ташқари фаоллашувига олиб келиши, натижада қон айланиши қийинлашиши, қон босими ва тромб ҳосил бўлиш хавфи ортиши мумкин. Майда заррачалар таъсири инфаркт ва инсулт хавфининг ошиши билан ҳам боғланади.
Олимларни эса бу сафар ҳаводаги микрозаррачаларнинг инсоннинг когнитив функсияларига — яъни фикрлаш, режалаштириш ва ўзгарувчан шароитда ҳаракатларни бошқариш қобилиятига таъсири қизиқтирган.
Тадқиқот иштирокчилари автомобил йўлларидан 200 метргача масофада яшайдиган одамлар орасидан танланган. Бундан мақсад ҳавони тозалашнинг таъсирини аниқроқ кузатиш бўлган, чунки йўллардан узоқда яшайдиган одамлар нафас оладиган ҳавода майда заррачалар консентрацияси одатда пастроқ бўлади.
Тестлар сентабрдан апрелгача ўтказилган. Юрак-қон томир касалликларига эга одамлар ва вейп ишлатувчилар тадқиқотга киритилмаган.
Иштирокчилар икки гуруҳга ажратилган. Асосий гуруҳ хонадонларига ҳақиқий ҲЕПА-филтрли ҳаво тозалагичлар, назорат гуруҳига эса ташқи кўринишидан шундай қурилмаларга ўхшайдиган, аммо ҳавони амалда тозаламайдиган қурилмалар ўрнатилган.
Ҳаво тозалагичлар фақат яшаш хоналарида ишлаган. Қурилмаларнинг ҳақиқатан ишлаган ёки ишламагани иштирокчиларнинг сўзларига эмас, махсус электрон қайд этувчи ускуналар маълумотларига асосан назорат қилинган.

