“Селфи ва суратлар мияга хотираларни сақлаб қолишга халақит беради” — олимлар

Олимларнинг таъкидлашича, селфи ва суратга олиш мияда хотираларнинг сақланишига тўсқинлик қилади. Бингҳемтон университети тадқиқотчилари шуни аниқладиларки, одамлар ўзлари суратга олган тасвирларни шунчаки томоша қилганларига нисбатан ёмонроқ эслаб қолишади. Ушбу тажрибалар натижалари Меморй & Согнитион журналида чоп этилди.
Тадқиқотда 892 киши иштирок этди. Тажрибалардан бирида кўнгиллиларга санъат асарлари тасвирлари кўрсатилиб, уларни шунчаки томоша қилиш ёки скриншотга олиш таклиф қилинди. Ўн дақиқадан сўнг иштирокчилардан ўхшаш расмлар орасидан аввалроқ кўрганларини топиш сўралди.
Иштирокчилар суратга олган тасвирларни хотира ёмонроқ қайта ишлади. Қизиғи шундаки, одамлар бўлажак синов ҳақида олдиндан огоҳлантирилганда ва олинган скриншотлардан фойдаланиш имконияти берилганда ҳам бу таъсир сақланиб қолди.
Бу ҳолат “когнитив енгиллашиш” деб аталадиган жараён билан боғлиқ бўлиши мумкин. Инсон воқеани камера орқали муҳрлаганда, мия гўё шундай сигнал олади: барча тафсилотларни сақлаш шарт эмас, чунки улар аллақачон телефонга сақлаб олинган. Натижада, диққат қисман воқеанинг ўзидан суратга олиш жараёнига ўтади. Ҳатто сурат кейинроқ керак бўлишига ишонч ҳам одамларни воқеаларни яхшироқ эслаб қолишга мажбур қила олмади, дея изоҳ беришди олимлар.
Тадқиқотчилар яна бир эҳтимолни текшириб кўришди: суратга олиш хотиранинг ёмонлашувини бошқа бирор афзаллик билан қоплай оладими? Бироқ, суратга олган иштирокчилар бошқа топшириқларда, жумладан, математик масалалар ва хотира тестларида ҳам сезиларли даражада яхши натижа кўрсатмади.
Муаллифларнинг қайд этишича, бу натижалар суратга олиш одати хотира учун зарарли дегани эмас. Бошқа тадқиқотлар баъзи вазиятларда суратга олиш аксинча, воқеаларни эслаб қолишга ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатган. Бироқ, янги тадқиқот воқеаларни доимий равишда қайд этиб бориш миянинг хотираларни шакллантириш учун зарур бўлган ресурсларининг бир қисмини олиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги далилларни тасдиқлади.

