Ҳаво, қуруқлик ва денгизни кузатади: Швеция учун илк ГлобалЕе намойиш этилди
Сааб компанияси Швеция Ҳарбий-ҳаво кучлари учун буюртма қилинган биринчи ГлобалЕе узоқ масофали радиолокацион аниқлаш ва бошқарув самолётини намойиш этди. Мамлакат жами учта шундай самолёт харид қилишни режалаштирган.

Ҳаво, қуруқлик ва денгизни кузатади: Швеция учун биринчи ГлобалЕе тақдим этилди
Янги самолёт ҳали буюртмачига топширилгани йўқ. У аввал текширув ва синовлардан ўтиши, сўнг илк парвозини бажариши керак. Шундан кейин уни Швецияга етказиш режалаштирилган.
ГлобалЕе узоқ масофадан радиолокацион кузатув, нишонларни аниқлаш ва ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш имкониятларини бирлаштиради. Тизим ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги вазият ҳақида маълумот йиғиб, қўмондонликка умумий манзарани кўришга ёрдам беради.
Самолёт катта ҳудудлардаги фаолликни аниқлаш ва кузатиш учун мўлжалланган. Ундан олинадиган маълумот таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш, операцияларни режалаштириш ва кучлар ҳаракатини мувофиқлаштиришда ишлатилади.
Швеция ушбу самолётлар орқали миллий ҳаво ҳудуди ва унга туташ денгиз йўналишларида кузатув имкониятларини кучайтиришни мақсад қилган.
АвиТрадер хабарига кўра, Швеция Мудофаа таъминоти бошқармаси Сааб билан дастлабки шартномани 2022-йилда имзолаган. Унда иккита ГлобалЕе етказиб бериш ва кейинчалик қўшимча самолётларга буюртма бериш имконияти кўзда тутилган.
2024-йилда учинчи самолёт ҳам буюртма қилинган. Шу билан Швеция учун тайёрланадиган ГлобалЕеълар сони учтага етган.

