Ҳассадаги таянч, қалбдаги қанот!
Фарҳоджон Сайидовнинг ҳаёт йўли ҳақиқий ўзбекона қадриятлар асосида шаклланган

**Ҳассадаги таянч, қалбдаги қанот!**
Инсон камолоти илмга интилиш, ҳалол меҳнат ва оила тарбияси билан узвий боғлиқ. «Ўзбектелеком» АК Шарқий филиали И тоифали муҳандиси Фарҳоджон Сайидовнинг ҳаёт йўли ҳам айнан шу қадриятлар заминида шаклланган.
1984-йил 25-февралда Фарғона туманидаги Гулшан қишлоғида туғилган Фарҳоджон 2002—2009-йилларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олиб, магистратурани ҳам муваффақиятли якунлаган. Унинг камол топишида ота-онаси — Фарғона шаҳридаги Чкалов номидаги механика заводида 45 йил ишлаган Рустам ака ҳамда тўқимачилик комбинатида меҳнат қилган Хайринисо аянинг ибрати ва тарбияси муҳим ўрин тутади.
Билимли муҳандиснинг спортдаги ютуқлари ҳақидаги хушхабарни эшитиб, у билан суҳбатлашишга қизиқдим. Фарҳоджон самимий табассум билан ҳикоясини бошлади:
— Болалигимда танамда доимий толиқиш ва чарчоқни сезардим. Шу ҳолатни енгиш, бор имкониятларимни ишга солиб, тенгдошларимдан ортда қолмасликка қатъий қарор қилдим. Бу интилишларим мактабга борган кезларимдаёқ бошланган.
Ўша кунларни эсласам, ота-онамнинг сабр-бардоши ва матонати олдида бош эгаман. Улардан доимо миннатдорман, ҳар доим дуодаман. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин, соғ-саломат юришсин!
Яратганнинг марҳамати ва ота-онамнинг меҳнатлари туфайли орзуларимга кутганимдан ҳам ортиқроқ эришдим. Улар мени: «Майда гап-сўзларга эътибор берма, ҳар куни олға интил. Шунда кўзлаган марраларингга албатта етасан», деб тарбиялашди. Ҳеч қачон истакларимга тўсқинлик қилишмади, аксинча, «Имкониятларинг чексиз, болам, сен спортдаги мақсадларингга эришишга қодирсан», деб доим далда беришди.
Айнан шу ишонч сабаб ўз имкониятларим чегарасидан чиқиб, янги марраларни забт этишга муваффақ бўлдим. Натижаларим ота-онам кутганидан ҳам зиёда бўлди. Саккизинчи синфни тугатгач, туман марказидаги иқтидорли болалар учун мўлжалланган 1-лицейга ўқишга қабул қилиндим. Бу менинг илк ғалабам эди.
— Сузиш спорти ҳаётингизга қандай кириб келган эди?
— Бу 2003-йилнинг ёз ойларида юз берган. Талабалик ҳаётимда мен учун кўплаб янгиликлар эшиги очилди. Университетдаги таълим дунёқарашимни кенгайтирди, мени тоблади, ўз имкониятларимга бўлган ишончимни оширди. Айниқса, спорт билан жиддий шуғулланишга қизиқишим кучайди.
Ёзнинг жазирама кунлари эди. Бир куни курсдошларим билан университетимиз яқинидан оқиб ўтадиган Бўзсув анҳорига салқинлаб келиш учун йўл олдик. Дўстларим чўмилса, мен уларни томоша қилиб ўтираман, деб ўйлагандим. Аммо анҳор соҳилига етишимиз билан улар бирин-кетин сувга сакрай бошлашди. Уларнинг завқ-шавқи менга ҳам юқди.
Мен ҳам сувга тушишга қарор қилдим. Аввал ҳассамни сувга ботириб, чуқурлигини текширдим. Сув белимдан келаркан, хавф йўқ, деб ўйладим-у, ўзимни сувга ташладим. Ўзимча суза бошладим. Бир маҳал қарасам, сув мени оқизиб кетяпти! Оёғимни ерга тираб тўхтамоқчи бўлдим, аммо тагимда ер йўқ! Юрагим шиғ этди — чўкаётгандим! Бир зумда хаёлимдан минглаб афсус-надоматлар ўтди. Яхшиямки, икки ўртоғим чаққонлик билан ҳаракат қилиб, мени қутқариб қолишди.
Ўша куни бир ҳақиқатни англадим: менга қуруқликда юришнинг ўзи камлик қиларкан, сувда ҳам «юриш»ни ўрганишим шарт эди! Ўзимга-ўзим: «Мен сузишни ўрганаман. Бунинг учун яхши мураббий топишим керак», деб сўз бердим.
Шундан сўнг бир қанча сузиш ҳавзаларига бордим. Аммо мураббийларнинг аксарияти менга шубҳа билан қараб, бош чайқашарди. Ниҳоят, бир мураббий мени Митрофанов номидаги сузиш ҳавзасига йўналтириб, у ердан Константин Апполонович Аллекони топишимни маслаҳат берди.
Мураббийни топдим ва биринчи учрашувимиздаёқ унга савол бердим:
— Мен сузишни ўргана оламанми?
Константин Апполонович бир зум менга кулимсираб қараб турди-да:
— Албатта! Агар чин дилдан хоҳласанг, ҳатто учишни ҳам ўрганишинг мумкин! — деб жавоб берди.
Бу сўзлар руҳимни шу қадар кўтариб юбордики, тўртта машғулотдан сўнг мустақил равишда, ҳеч қандай ёрдамчи воситаларсиз суза бошладим!
— Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашган экансиз. Бу ютуқларингиз қачон қўлга киритилган?
— 2005-йилда Филаделфияда (АҚШ, Пенсилвания штати) бўлиб ўтган халқаро мусобақада биринчи ўринни эгаллаганман. 2008 йилда эса Хитой пойтахти Пекинда ХИИИ Ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этдим.
Бу мусобақа мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унутилмас таассуротлар билан юртимга қайтдим. Сабаби, Ўзбекистон вакиллари Паралимпия ўйинларида иштирок этиб, юртимиз номини халқаро спорт майдонида муносиб намоён этишди.
Мен 148 давлат вакиллари қатнашган ушбу мусобақада парасузувчилар ўртасида финалгача етиб бордим. Финалчи бўлишнинг ўзи мен учун катта ютуқ, улкан ғурур ва янада юқори марралар сари интилишга куч бағишлаган унутилмас ғалаба эди!
— Мураббийлик фаолиятингиз ҳақида ҳам эшитганмиз.
— Вақт ўтиши билан мураббийлик масъулияти ҳам зиммамга тушди. 2012-йилги Лондон ва 2016-йилги Рио-де-Жанейро Паралимпия ўйинларига сузувчи спортчиларни тайёрлашда иштирок этдим. Илҳомжон Ҳалимов, Муроджон Холжигитов, Кирилл Панков, Фотима Алимова, Фирдавс Мусабеков, Муслима Одилова каби шогирдларим бор. Уларнинг нуфузли мусобақаларда қатнашиб, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтаргани мен учун ҳам катта қувонч ва фахр. Бу зафарларда камтарона ҳиссам борлигидан мамнунман.
«Устоз» дея ҳурмат билан мурожаат қилишганида «Яратганга шукр», дейман. Бугун уларнинг ўзлари ҳам мураббийлик қилиб, параспорт ривожига ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарли. Масалан, Муроджон Холжигитов Сирдарё вилоятида пара қиличбозлик бўйича мураббий. Ҳамкасбим Илҳомжон Ҳалимов эса Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган В Параосиё ўйинларида пауерлифтинг бўйича қатнашиб, бронза медалига сазовор бўлди.
— Ҳозир, билишимча, спортдаги йўналишингизни ўзгартиргансиз. Шундайми?
— Ҳа, шундай. Сўнгги йилларда пара камондан отиш спортини мукаммал ўзлаштирдим. Айни пайтда ушбу спорт тури бўйича халқаро мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келяпман. 2025-йил декабрида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтказилган, Бутунжаҳон камончилар уюшмаси — Ворлд Арчерй рўйхатига киритилган 18 метр масофадан камондан отиш бўйича халқаро очиқ мусобақада соғлом спортчилар билан беллашиб, иккинчи ўринни эгалладим.
Шу йилнинг 6—9-октябр кунлари эса Хўжанд шаҳрида Президент Имомали Раҳмон таваллуд куни муносабати билан ташкил этилган «Тожикистон Президенти кубоги» мусобақасида иштирок этдим. Олимпик йўналишдаги 70 метр масофадан отиш баҳсларида паракамончилар орасида биринчи ўринни қўлга киритиб, Президент кубоги соҳиби бўлдим. Бу мен учун катта қувонч ва янада юқори марраларга интилишга куч бағишлаган ютуқ бўлди.
Албатта, бу муваффақиятларимда мураббийларим Салим Умбаров ва Зокир Ғофуровнинг хизматлари беқиёс. Уларнинг меҳнати, ишончи ва кўмаги учун чексиз миннатдорман.
Шу фурсатдан фойдаланиб, спорт билан шуғулланишим ва турли мусобақаларда қатнашишим учун зарур шароитларни яратиб бераётган филиалимиз раҳбари Владимир Ежковга, раҳбарият вакилларига, ҳамкасб-дўстларимга, мураббийларимга ва барча эзгу инсонларга самимий ташаккуримни изҳор этмоқчиман. Уларнинг ҳар бирига бошим ерга теккунча таъзимдаман! Барчаларининг олтин бошлари омон бўлсин!
Улар орасида жондан азизларим — Дилшод акам, Гулшодхон ва Одинахон сингилларим ҳам бор. Менга кўрсатилган бу меҳр ва яхшиликлар учун Яратганга ҳар қанча шукр қилсам, оз.
— Фарзандларингиз ҳам спортга қизиқишадими?
— Рафиқам Одинахон билан уч қиз ва бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказяпмиз. Тўнғичимиз Солиҳа ҳозирда 10-синфда ўқийди. У менинг касбимни танлаган, ахборот технологиялари тараққиётига ҳисса қўшишни орзу қилади. Ўн икки ёшли қизим Бибиҳабиба эса менинг изимдан бориб, камондан отиш спортига меҳр қўйди. Тожикистонда кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада 30 метр масофадан яккалик баҳсларида биринчи ўринни, жамоавий беллашувларда эса учинчи ўринни эгаллади. Яқинда Термиз шаҳрида Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган мусобақадан ҳам учинчи ўрин билан қайтди.
Саккиз ёшли кенжа қизим Райёнахон ҳам спортга жуда қизиқади. У ҳам камондан отиш билан шуғулланмоқда. Оиламизнинг эркатойи, кенжа фарзандимиз Муҳаммадҳабиб эса эндигина бир ёшга тўлди. Ундан ҳам умидларим кўп.
Фарҳоджон Сайидовнинг ҳаёт йўли — матонат, ирода ва тинимсиз интилишнинг ибратли намунаси. У меҳнат жамоаси ва минглаб спорт ихлосмандлари олдида ўзининг жасоратини, мақсад сари қатъий интилишини кўп бор намоён этди. Қўл қовуштириб ўтирмади, қийинчиликлардан чекинмади, доимо олға интилди. Оиласига, эл-юртига наф келтириш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этди. Ҳатто кўпчилик тасаввур ҳам қила олмайдиган марраларни забт этди.
Унинг халқаро мусобақаларда тушган суратларини томоша қиларканман, бир манзара эътиборимни тортди: Фарҳоджоннинг ёнида турган ҳасса кўзимга гўё қанотдек кўринди. Ҳа, худди парвозга шайланган эркин қушнинг қанотларидек! Зеро, инсонни юксакликка кўтарадиган нарса фақат жисмоний имконият эмас, балки қалбдаги ишонч, ирода ва сўнмас орзудир.
У билан суҳбатлашсангиз, ёрқин нигоҳи ва жарангдор овози гўё: «Ҳаётни сев, бугунги бахтингни эртага қолдирма, интил, ҳаракат қил — Аллоҳ сен билан!» деяётгандек туюлади. Менимча, унинг ҳаётий фалсафаси ҳам шундан иборат.

