Ҳакерлар Франсиядаги қон сақланадиган музлаткичларга ҳужум қилди
Минус 30 даражадаги биоматериаллар ҳарорати 100 даража иссиққа кўтарилган. Беморларга мўлжалланган намуналар яроқсиз ҳолга келишининг олди олинди.

Ҳакерлар Франсиядаги қон сақланадиган музлаткичларга ҳужум қилди
Ҳакерлар Франсия қон хизмати (ЭФС) омборларидаги музлаткичларга ҳужум қилиб, биоматериаллар сақланадиган ҳароратни масофадан туриб 110 даражагача оширди.
Киберҳужум 2-ноябр куни Бургундия – Франш Конте минтақасида юз берди. Ҳакерлар Соолворлд компаниясининг совитиш тизимига бузиб кириб, ҳарорат созламаларини минус 30 даражадан плюс 110 даражагача ўзгартирган. Бироқ техник ходим ҳароратнинг кескин кўтарилганини ўз вақтида пайқаб қолган. Шу тариқа жиддий оқибатларнинг олди олинди.
Франсия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳодиса муассаса фаолиятига таъсир қилмаганини билдирди. Қон хизмати раҳбари Фредерик Пакуд ҳужум оқибатида беморлар саломатлигига зарар етмаганини таъкидлади.
“Биз беморларни даволаш учун мўлжалланган намуналарни, шунингдек, плазма захираларини йўқотишимиз мумкин эди”, деди у.
Маълумот учун, 2-ноябр куни Белгия, Швеция, Люксембург, Ирландия, Нидерландия ва Эстониядаги ўнлаб супермаркетларда музлаткич ва музхона тизимларига киберҳужум уюштирилган эди. Натижада ушбу мосламаларда ҳарорат кескин ошиб кетган ва бу маҳсулотларга жиддий зарар етказган.

