Греция Исроилдан 3,5 млрд долларлик ҳаво мудофааси тизимини сотиб олади

Греция Исроилдан 3,5 миллиард долларлик ҳаво мудофааси тизимини сотиб олади
Реутерс агентлигининг икки хавфсизлик манбасига таяниб хабар беришича, Греция 31-август куни Исроил билан қарийб 3 миллиард евро (3,5 миллиард доллар) қийматидаги кўп қатламли ҳаво мудофааси тизимини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаши кутилмоқда.
Ушбу келишув Грециянинг кенг кўламли ҳарбий модернизация дастурининг бир қисми бўлиб, қисқа, ўрта ва узоқ масофали илғор ракета тизимларини ўз ичига олади.
Манбалардан бирининг та'кидлашича, Греция расмийлари 31-август, душанба куни Тел-Авивда Исроил Мудофаа вазирлигининг СИБАТ ва МАФАТ дирексиялари билан умумий қиймати қарийб 3 миллиард евро бўлган тўртта келишувга имзо чекади.
Улар уч турдаги ракета ва радар тизимларини қамраб олади. Греция 2036-йилгача "Ахилл қалқони" номли кўп қатламли баллистик ракеталар, самолётлар ва дронларга қарши мудофаа тизимини яратиш учун қарийб 28 миллиард евро сарфлашни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Афина АҚШдан 40 тагача Ф-35 қирувчи самолёти, Франсия ва Италиядан эса фрегатлар харид қилишни режалаштирган.
Манба алоҳида битим доирасида дронларга қарши мудофаа тизими ҳам харид қилинишини қўшимча қилган.
Ҳозирда Греция ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун АҚШда ишлаб чиқарилган Патриот тизимлари, Россиянинг С-300 тизимлари ва турли қисқа масофали ҳаво мудофааси воситаларидан фойдаланади.
Мамлакат мудофаа харажатларига ялпи ички маҳсулотининг қарийб 3,5 фоизини сарфлайди. Бу кўплаб НАТО давлатларига қараганда юқори кўрсаткич бўлиб, бунга Грециянинг қўшни Туркия билан узоқ йиллардан бери давом этаётган низоси ҳам сабаб бўлмоқда.
Греция ва Исроил ўртасида иқтисодий ва дипломатик алоқалар мустаҳкам. Икки давлат Грецияда ҳаво кучлари учун ўқув марказини биргаликда бошқаради, ҳар йили қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади, шунингдек, дронларга қарши тизимлар ва киберхавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилади.
2025-йилда Афина Исроилда ишлаб чиқарилган 36 та ракета-артиллерия тизимини қарийб 650 миллион еврога сотиб олган эди.

