Германияда сиёсий зилзила: ашаддий миллатчилар ғалабаси нимадан дарак?
6-сентабр куни Германиянинг Саксония-Анхалт вилоятида бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар натижаси Германия ва Европани шокка туширди. Иккинчи жаҳон уруши тугаган 1945-йилдан бери биринчи марта ашаддий ўнг, миллатчи ва ксенофоб партия Германия вилоятларидан бирида маҳаллий ҳокимиятни шакллантирувчи асосий кучга айланди.

Германияда сиёсий силкиниш: ашаддий миллатчилар ғалабаси нимадан дарак беради?
Германия — Европа Иттифоқида аҳоли сони, иқтисодий улуши, ялпи ички маҳсулоти ва сиёсий таъсири бўйича энг йирик ҳамда энг муҳим давлат. Европа Иттифоқининг қайси йўналишда ривожланишини белгилашда айнан Германия ва Франсия катта рол ўйнайди.
Энди эса бир пайтлар биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига сабабчи бўлган, миллатчилик ва нацизм маркази саналган Германияда яна ашаддий миллатчиларнинг маҳаллий ҳокимиятга келиши катта шок ва кўплаб саволларни юзага чиқармоқда.
Нега Саксония-Анхелт вилояти ашаддий миллатчиларга овоз берди? Бу ерда уч йўналишдаги норозиликни кўриш мумкин.
Биринчиси, ижтимоий протест. Саксония-Анхелт вилояти шарқий Германияда, собиқ ГДР ҳудудида жойлашган. У Ғарбий Германия вилоятларига нисбатан иқтисодий жиҳатдан сустроқ ривожланган, завод-фабрикалар камроқ, ишсизлик эса нисбатан юқорироқ. Шунга қарамай, Германиянинг энг кам ривожланган вилояти ҳам Европа Иттифоқидаги бошқа давлатларга қараганда анча ривожланган экани аниқ. Яъни бу вилоят аҳолиси “Германия учун муқобиллик” партиясига овоз берар экан, ўзининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини Германиядаги энг ривожланган вилоятлар билан таққослагани кузатилади.
Иккинчиси, маданий протест. Саксония-Анхелт вилояти аҳолиси сўровларда мигрантлар ва эмигрантларга қарши овоз берганини билдирган. Масалан, “Мен "Германия учун муқобиллик" партиясига овоз бердим, чунки кечалари кўчага чиқишдан қўрқиб бошлагандим, энди бу партия Саксония кўчаларида хавфсизлик ўрнатишига ишонаман” деганлар бўлган. Аслида, Германия вилоятлари ичида Саксония-Анхелтда мигрантлар сони энг кам бўлган вилоят ҳисобланар экан — умумий аҳолининг 8 фоизига ҳам етмас экан. Шунга қарамай, бу вилоят аҳолиси ксенофобия ва маданий протест сабаб ултра ўнг партияга овоз берди.
Учинчиси, геосиёсий протест. “Германия учун муқобиллик” партиясининг энг катта ташқи сиёсий ғояларидан бири — Россия билан ярашиш, Россиядан арзон газ ва нефт сотиб олишни қайта йўлга қўйиш.

