«Германия учун муқобил» сайловларда тарихий натижага эришди
Энди ўнг кучлар нацистлар давридан буён илк бор ҳудудий ҳукумат тузиши мумкин.

«Германия учун муқобил» сайловларда тарихий натижага эришди
«Германия учун муқобил» (АфД) партияси Саксония-Анҳалтдаги парламент сайловларида ўзи учун рекорд натижа билан ғалаба қозонди — 43,8 фоиз овоз. Партиянинг бу ҳудуддаги беш йил аввалги натижаси бундан икки баравар паст эди (20,8 фоиз). Шу натижа билан партия маҳаллий парламент — ландтагдаги 83 ўриндан 39 тасини қўлга киритди. Ушбу регионни сўнгги 24 йил давомида бошқариб келган, канслер Фридрих Мерс раислигидаги Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) эса 17,2 фоиз овоз олди ва парламентда атиги 15 мандатга эга бўлди (2021-йилги сайловларда бу партия 37,1 фоиз овоз олганди). Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) 9,3 фоиз, «Яшиллар» — 8,9 фоиз, Сўл партия — 8,6 фоиз, «Сара Вагенкнехт иттифоқи» (БСВ) — 5,3 фоиз овоз билан парламентга ўтди. Сайловларда рекорд даражадаги қатнашув кузатилди — участкаларга сайловчиларнинг 77,8 фоизи келган.
Саксония-Анҳалт — Германия шарқидаги Ерлардан бири бўлиб, илгари ГДР таркибига кирган. Бу мамлакатнинг энг қашшоқ регионларидан бири ҳисобланади — 2025-йилда бу ҳудуд аҳолисининг ярмида ўртача ялпи иш ҳақи ойига 3563 евродан ошмаган, шу пайтда Германия бўйича ўртача иш ҳақи 4217 евро бўлган.
«Германия учун муқобил» азалдан мамлакат ғарбига қараганда шарқида кучлироқ қўллаб-қувватланади (сўнгги йилларда ғарбий ҳудудларда ҳам бу партиянинг таъсири ошиб бормоқда). 2025-йилги федерал сайловларда партия собиқ ГДРнинг бешта регионида ҳам биринчи ўринни эгаллаганди (ярми ГДРда бўлган Берлин бундан мустасно). 2024-йилда эса «Муқобиллар» Тюрингияда тарихда илк бор ҳудудий сайловларда ғолиб чиққан — бироқ ҳеч бир партия улар билан коалицияга киришни истамагани учун мухолифатда қолган.
Германия канслери Фридрих Мерс сайлов натижаларидан «қаттиқ ларзага келгани»ни айтди. У бу натижани «ХДИнинг сўнгги ўн йилликдаги энг оғир мағлубияти» деб атади, аммо христиан демократлар «Муқобиллар»ни озчиликда қолдириш учун бошқа барча партиялар билан коалиция тузиш имконияти учун курашмаслигини билдирди. ХДИнинг Саксония-Анҳалтдаги етакчиси Свен Шулсе эса шундай деди: «Сайловда ғалаба қозонгани туфайли ҳукуматни бошқариш мажбурияти энди „Германия учун муқобил“га юклатилган, биз мухолифатга ўтяпмиз».
Ултраўнглар Германиянинг урушдан кейинги тарихида биринчи марта ҳукуматни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Мутлақ кўпчиликни ташкил этиш учун «Германия учун муқобил»га учта мандат етмади — унда атиги 39 та ўрин бор. Шу сабабли партия коалицион ҳукумат тузишга мажбур бўлади. ХДИ, ГСДП, «Яшиллар» ва «Сўллар»да ҳам жами 39 та ўрин бор. Бу кучларнинг барчаси «брандмауер» сиёсатига амал қилади — Германияда ултраўнг партиялар билан ҳар қандай ҳамкорликдан бош тортиш шундай аталади. Шу билан бирга, бешта мандатга эга бўлган «Сара Вагенкнехт иттифоқи» «Муқобиллар» билан ҳамкорликни истисно этмаяпти. Шу тариқа, АфД БСВ билан коалиция тузиши ёки ўзининг озчиликдаги ҳукуматини тузиши мумкин бўлади.

