Ғазода урушда шикастланган бино қулаб тушди: 20 киши ҳалок бўлди (видео)

Ғазода урушда шикастланган бино қулаб тушди: 20 киши ҳалок бўлди (видео)
Ғазо шаҳрида 16-сентябрга ўтар кечаси уруш оқибатида зарар кўрган 6 қаватли турар жой биноси қулаб тушди. Натижада камида 20 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, улар орасида аёллар ва беш нафар бола бор. Яна 14 киши жароҳат олди.
Дастлабки маълумотларга кўра, бино вайроналари остида ҳануз юзлаб одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин. Ал Жазеера тасдиқлаган видеоларда қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли болаларни қўллари билан вайроналар остидан қазиб олаётгани кўринади.
Вайроналар остидан ёрдам сўраб йиғлаётган болаларнинг овози эшитилгани айтилмоқда. Видео тасвирларидан бирида қизча тирик ҳолда олиб чиқилган ва дарҳол тез ёрдам машинасида шифохонага етказилган.
Ғазо Фуқаро муҳофазаси матбуот котиби Маҳмуд Басалнинг айтишича, қутқарув ишлари ҳали ҳам давом этмоқда. Махсус техникалар етишмагани сабаб одамларни қутқариш қийин кечмоқда.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, бу бино аввал Исроил бомбардимони туфайли дарз кетиб, яроқсиз ҳолга келган. Исроил уруши сабаб ҳудуддаги минглаб бинолар вайрон бўлган. Бироқ Тел Авив таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари ва қутқарувчилар учун оғир техникалар киришини чеклаб қўйган.
Шу боис қутқарувчилар одамларни асосан қўл билан қазиб чиқаришга мажбур бўлмоқда. Аҳоли эса бошқа борадиган жойи ва чодирлари йўқлиги сабаб хавфли биноларда яшашга мажбур. Реутерсъга кўра, 10 минглаб фаластинликлар Ғазо бўйлаб Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида зарар кўрган 2000 га яқин биноларда яшайди.
“Бу биринчи бино қулаши эмас. Афсуски, охиргиси ҳам бўлмаслигидан хавотирдамиз”, дейди Ғазо шаҳри мери Яҳё Ас-Сарраж.

