Гавайидаги 550 йиллик машҳур Ҳолеи денгиз аркаси қулаб тушди
Вулқонлар миллий боғининг қояли тизмаларидан бўртиб чиқиб турган лава жинслари ўтган дам олиш кунларида қулаб тушди.

Гавайининг машҳур 550 йиллик Ҳолеи денгиз аркаси қулаб тушди
Гавайининг машҳур Ҳолеи денгиз аркаси (Hōlei Sea Arch) — тахминан 550 йил аввал пайдо бўлган, баландлиги 90 фут (27,4 метр) келадиган лава жинсларидан иборат қоя — Тинч океанига қулаб тушди.
Қулашнинг аниқ вақти номаълум. Миллий боғлар хизмати (NPS) хабарига кўра, 23 сентябрь куни арка Вулқонлар миллий боғи соҳилидан сувга чўзилиб турган эди, бироқ 27 сентябрга келиб у ғойиб бўлган.
«Денгиз аркаси атрофидаги соҳил чизиғида йиллар давомида беқарорлик белгилари кузатилаётган эди», — дейилади NPS баёнотида. Мазкур хизмат 2021 йилдаёқ арка вақт ўтиши билан вайрон бўлишидан огоҳлантирган эди.
Гавайи оролидаги (шунингдек, «Катта орол» сифатида ҳам машҳур) «Кратерлар занжири» йўлининг (Chain of Craters Road) охирида жойлашган ушбу қоя машҳур ва жуда кўп суратга олинадиган сайёҳлик маскани эди.
Арка ўтган дам олиш кунларида «Ноло» тропик бўрони пайтида боғ вақтинчалик ёпилган маҳалда қулаб тушган деб тахмин қилинмоқда.
Боғ маъмуриятининг маълум қилишича, 2018 йилда Килауэа вулқони отилиши ва унинг чўққиси қулаши пайтида юз берган зилзилалар арка яқинидаги қояларга шикаст етказган эди.
Унинг бутунлай қулаши «боғнинг чекка ва серқоя соҳил чизиғининг навбатдаги эврилиши» бўлди.
2020 йил январь ойида қоялардаги янги ёриқлар ва беқарорлик туфайли боғ маъмурияти аркани томоша қилиш учун мўлжалланган дастлабки майдончани ёпиб қўйган эди. Бир неча ойдан сўнг, NPS хабарига кўра, хавфсизроқ масофада янги томоша майдончаси очилган.
Ўша йилнинг охирида тропик бўрон тўлқинлари арканинг пастки қисмидан бир бўлак тошни узиб юборган эди.
«Бу қоя гўзал, аммо вақтинчаликдир ва унинг умри чекланган», — деган эди боғ хизмати 2021 йилда. «Денгиз аркаси вақт ўтиши билан денгизга қулаб тушади. Бироқ, қоя аста-секин қуруқлик ичкарисига сурилиб бориши билан унинг ўрнини бошқалари эгаллайди».
Миллий боғлар хизматининг ижтимоий тармоқлардаги арка қулаши ҳақидаги постига минглаб одамлар лайк босиб, изоҳ қолдирди, жумладан, аркага ташриф буюрганлари ҳақидаги хотиралари ва унинг суратлари билан бўлишди.
«Ҳеч нарса ва ҳеч ким бу ерда абадий эмас», — деб ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири. «Миллионлаб йиллардан кейин қуёш ҳам сўнади. Яхшилик ва гўзалликни ҳозир қадрланг».

