Ғоядан даромадгача: маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳалари қандай ривожлантирилмоқда?
Тошкентда жойлашган Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида бугунги кунда 97 нафар тадбиркор фаолият юритмоқда. Улар орасида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо ва таълим йўналишларида ишлаётганлар бор.

Ғоядан даромадгача: маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳалари қандай ривожлантирилмоқда?
Маҳалла банкири фуқаролар билан мулоқот қилиб, ишини кенгайтириш учун қандай ёрдам кераклигини аниқламоқда. Ҳозирга қадар маҳаллада яшовчиларнинг айримларига зарур асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун, бошқаларига эса янги фаолиятни бошлаш мақсадида молиявий кўмак берилган.
Маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланувчиларнинг фаолияти турлича. Кимдир оилавий касбни давом эттирган, кимдир йиллар давомида ўрганган ҳунарини ривожлантирган, яна кимдир уйида бошланган ишини кенгайтиришга уринмоқда. Уларни бирлаштириб турган асосий муаммо эса битта: фаолиятни яхшилаш учун маблағ ва керакли жиҳозларнинг етишмаслиги.
Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан ҳамкорликда ана шундай фуқароларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, уларнинг бизнес ғоялари амалий лойиҳаларга айлантирилмоқда.
Маҳалладаги ширинлик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган сехда бугун тўққиз турдаги маҳсулот тайёрланади. Уч хил кекс, пряник, булочка ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериладиган корхонада 17 нафар ходим ишлайди. Уларнинг беш нафари шу маҳаллада истиқомат қилади. Тадбиркорнинг айтишича, банк томонидан ажратилган молиявий ёрдам ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилган.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБдан тахминан 100 миллион сўм атрофида сумма олдик. Шу маблағ эвазига керакли асбоб-ускуналарни харид қилдик. Натижада ишлаб чиқаришимиз кўлами анча ошди, тахминан 30–40 фоизга кўпайди”,
– дейди Араик Гукасян.
Ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши маҳсулотларнинг савдо географиясига ҳам таъсир кўрсатган. Бугун сехда тайёрланаётган ширинликлар маҳалладаги озиқ-овқат дўконлари ва савдо нуқталарига етказиб берилмоқда. Маҳалла банкирининг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулотини шу ҳудуднинг ўзида сотиш имконияти ҳам муҳим. Чунки бунда етказиб бериш харажатлари камаяди, маҳсулот нархи нисбатан қулай бўлади ва маҳалладошлар янги тайёрланган маҳсулот билан таъминланади.
Тадбиркорнинг келгусидаги режаси эса ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш.
“Ҳозирги фаолиятимизни ривожлантириб, кейинчалик филиаллар очмоқчимиз. Ишни босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштиряпмиз ва банк билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз”,
– дейди у.

