Франциялик мутахассислар Тошкентдаги Романовлар саройи коллекциясидан ўрин олган экспонатларни реставрация қилишди

Франциялик мутахассислар Тошкентдаги Романовлар саройи тўпламидаги экспонатларни қайта тикладилар
6 октябрдан 30 октябргача Ўзбекистон Давлат санъат музейида Франциялик экспертларнинг Романовлар саройи тўпламидаги тарихий-бадиий буюмларни сақлаш ва қайта тиклашга қаратилган биринчи реставрация миссияси бўлиб ўтди.
Миссия давомида Франциядан келган 9 нафар мутахассис икки асосий йўналиш бўйича иш олиб борди. Жумладан, Дельфин Эли-Лефевр раҳбарлигидаги 5 нафар экспертдан иборат гуруҳ тарихий тўпламдаги 7 та мебель буюмини реставрация қилди.
Параллель равишда Патрисия Верже-Либай бошчилигидаги 4 нафар экспертдан иборат жамоа ўша тўпламдаги 4 та рангтасвир асарини ва уларнинг ромларини қайта тиклади.
Миссияни ўтказишдан мақсад Романовлар саройининг тарихий-бадиий бойликларини сақлаб қалиш, уларнинг аслийлигини таъминлаш ҳамда реставрация соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Романовлар саройи 2021 йилдан бери реставрация учун ёпилган. Шу йилнинг май ойида объект ҳудудида ёпиқ мода намойиши ўтказилганидан кейин унинг атрофида жамоатчилик эътирозлари авж олди. Ўшанда аҳоли ва жамоатчилик фаоллари меъморчилик ёдгорлиги ташриф буюрувчилар учун ёпиқлигича қолаётган бир пайтда ундан тижорат тадбири учун фойдаланишни танқид қилган эдилар.
Кейинчалик Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси намойиш фақат ёндош ҳудудда ўтказилгани ва саройнинг ички хоналарига дахл қилмаганини тушунтирди. Идора, шунингдек, реставрация якунлангач, объект ташриф буюрувчилар учун замонавий музей майдони сифатида очилишини маълум қилган эди.

