Франсияда Шамонда вируси илк бор инсонда аниқланди
Франсияда одатда йирик шохли қорамолларда учрайдиган Шамонда вируси билан одамнинг зарарланиши бўйича биринчи ҳолат тасдиқланди. Бемор вафот этган, бироқ мамлакат расмийлари бу ъфавқулодда истисно ҳолатъ эканини ва аҳолига ҳеч қандай хавф йўқлигини таъкидлади.

Франсияда Шамонда вируси одамда илк бор аниқлангани маълум қилинди
Франсия ҳукумати тарихда биринчи марта Шамонда (Шав) вируси инсонга юққанини билдирди. Бемор октабр ойи бошида касалхонада вафот этган, деб ёзмоқда.
Шамонда ортобунявируслар туркумига киради. У асосан йирик шохли қорамолларга зарар етказади ва майда чивинлар (мокрецлар) чақиши орқали юқиши мумкин. Бу касаллик қўйлар, эчкилар, алпакалар ва отларда ҳам қайд этилган. Вирус молларда кучли ич кетиши, иситма, ҳолсизлик ва сут беришнинг кескин камайишига олиб келади.
Мазкур вирус илк бор 1960-йилларда Нигерияда аниқланган, кейинчалик Осиёда тарқалган, ўша йилнинг ёзида эса Европада ҳам қайд этилган. Шу пайтгача Шамонда вируси одамга юқмайди, деб ҳисоблаб келинарди.
Франсия Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари дастлабки маълумотларга таянган ҳолда, вафот этган беморга вирус мамлакат шарқида, ҳайвонлар орасида вирус тарқалган ҳудудда майда чивин чақиши оқибатида юққанини маълум қилди.
Расмийлар буни “фавқулодда истисно ҳолат” деб атади, чунки беморда оғир иммунитет танқислиги бўлган ва у Лиондаги шифохонада “жиддий касаллик”дан даволанаётганди. Унда катта эҳтимол билан Шамонда вируси билан боғлиқ неврологик асоратлар ривожланган. Вазирликлар беморнинг иммунитет тизими ўта заифлашгани уни инфексияга нисбатан таъсирчан қилиб қўйганини қайд этди. Шунингдек, идоралар кенг аҳоли қатлами учун ҳеч қандай хавф йўқлигини алоҳида таъкидлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа маркази (ЭСДС) вазият ривожини кузатиб бораётганини маълум қилди.
ЖССТ ҳозирча расмий хавф баҳолаши ўтказилмаганини, бироқ мавжуд маълумотлар ва шунга ўхшаш касалликларни ўрганиш тажрибаси бу якка тартибдаги ҳолат эканини ҳамда “айни пайтда вируснинг кенг тарқалиши эҳтимоли жуда паст” эканини кўрсатаётганини таъкидлади.
“Бундан ташқари, майда чивинлар ташувчи вирусларнинг тарқалиш қобилияти, одатда, йилнинг совуқ фаслларида сезиларли даражада пасаяди”, — дея қўшимча қилди ЖССТ.

