Францияда дунёда биринчи марта одамнинг Шамонд вируси билан зарарланиш ҳолати қайд этилди. Бемор вафот этди

Францияда дунёда биринчи марта илгари асосан ҳайвонларда аниқланган Шамонд вируси билан одам зарарланиши тасдиқланди. Пациент октябрь бошида вафот этди, бироқ мутахассислар инфекция ўлимга сабаб бўлганми ёки унинг юз беришига таъсир кўрсатганми-йўқми, ҳозирча аниқламоқда. Франция расмийлари айни пайтда аҳолининг қолган қисми учун ҳеч қандай хавф аниқланмаганини маълум қилди.
Reuters маълумотларига кўра, пациент оғир хасталикдан азият чеккан, шу сабабли инфекцияларга берилувчанроқ бўлган бўлиши мумкин. Француз мутахассисларининг асосий тахминига кўра, зарарланиш мамлакат шарқида юз берган, у ерда вирус шу йилнинг баҳори ва ёзида ҳайвонлар орасида тарқалган эди.
Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа маркази вазиятни кузатиб бормоқда ва Франция расмийлари ҳамда Европанинг бошқа мамлакатларидаги ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Текширув одамнинг айнан қандай зарарланганини ва инфекция унинг ўлимида қандай роль ўйнаган бўлиши мумкинлигини аниқлаши керак.
Шамонд вируси майда қон сўрувчи ҳашаротлар — мокрецлар чақиши орқали юқади. Илгари у асосан йирик шохли молларда, шунингдек, отлар, альпакалар, қўй ва эчкиларда аниқланган. Ушбу инфекцияга қарши тижорат мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган вакциналар ҳозирча йўқ.
Ушбу вирус чорвачилик учун ҳам хавф туғдиради. Франциядаги тўққизта сут фермаси бўйича ўтказилган тадқиқотга кўра, инфекция тарқалган сурувларда сут ишлаб чиқариш 75 % гача камайган.
Бир ой аввал хитойлик олимлар иситма, кучли чарчоқ ва тромбоцитлар даражасининг пасайишини келтириб чиқариши мумкин бўлган янги кана вируси ALTNV ни аниқлаган эдилар.

