Франсияда ўқувчилар бош кўтарди: 440 киши қўлга олинди, мактаблар ёқиб юборилмоқда
Ўтган ҳафта ўқитувчилар ва синфхоналар етишмаслиги, мактаб шароитларининг ёмонлиги ва ўқувчиларнинг оғир иш юкламасига қарши

Франсияда ўқувчилар бош кўтарди: 440 киши қўлга олинди, мактаблар ёқиб юборилмоқда
Франсияда дарс юкламаларидан норози бўлган ўқувчиларнинг норозилик аксиялари тобора кўпроқ шаҳарларга ёйилиб, вандализм ва полиция билан тўқнашувларга айланиб бормоқда, деб хабар беради ББС.
1-октябр куни Парижда ҳужумчилар мактаб директори устига бензин сепиб, камида иккита мактабга ўт қўйишди.
Марсел полициясининг маълум қилишича, пайшанба куни юзлаб ёшлар Сент-Экзюпери лицейида ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчириш машинасини ёқиб юборишган. Прокуратура берган маълумотга кўра, Марселдаги яна бир Виктор Гюго лицейида директорга ҳужум қилиниб, у жароҳат олган.
Франсиянинг ғарбий қисмидаги Нант шаҳрида ҳам намойищилар мактабга ўт қўйиб, мактаб йўлагини бутунлай вайрон қилишди.
Мамлакат шимолидаги Лиллда ўқувчилар ахлат контейнерларидан тўсиқлар қуриб, уларни ёқиб юборишди, Страсбургда эса мактаб яқинидаги ахлат контейнерлари ҳам ёқиб юборилди. Дижонда эса полиция намойищиларни тарқатиш учун кўз ёш оқизувчи газ ишлатди.
Ўтган ҳафта ўқитувчилар ва синфхоналар етишмаслиги, мактаб шароитларининг ёмонлиги ҳамда ўқувчиларнинг оғир иш юкламасига қарши бутун мамлакат бўйлаб мактабларда норозилик намойишлари бошланган эди. Сўнгги кунларда университет талабалари ҳам бу аксияларга қўшилди. Франсия расмийларига кўра, ёшлар намойишлари вандализм ва полиция билан зўравон тўқнашувларга айланиб кетган. Ўз навбатида, талабалар полицияни зўравонликда айбламоқда.
Франсия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 440 киши ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти вояга етмаганлар, 48 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими эса жароҳат олган.
Таълим вазирлиги маълумотига кўра, норозилик намойишлари ёки улар билан боғлиқ тартибсизликлар мамлакат бўйлаб 400 дан ортиқ мактабга таъсир кўрсатган.
Учрашувдан кейин расмийлар норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганини билдиришди. Баъзи мактаблар масофавий ўқитишга ўтади. Адлия вазирлигига ҳодисалар учун жавобгар шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш топширилди.

