Франсияда ўқувчилар норозилиги: 5 мингдан ортиқ киши ушланди
Франсияда ўқувчилар намойишлари бошланганидан буён 5 мингдан ортиқ киши ушланган. Ички ишлар вазирлигига кўра, уларнинг қарийб 85 фоизи вояга етмаганлар, аксарияти эса мактаб ўқувчиларидир. Иш ташлашлар ва кириш йўлларини тўсиш ҳаракатлари мамлакатдаги 564 та ўрта мактабни қамраб олган.

**Франсияда ўқувчилар норозилиги: 5 мингдан ортиқ киши ушланди**
ДВ хабарига кўра, Франсия ички ишлар вазири Лоран Нунес 2-октабр куни ТФ1 телеканали эфирида намойишлар чоғида ушланганлар сони ҳақида маълумот берган.
Таълим вазирлиги эса мамлакатдаги 3 700 та ўрта мактабдан 564 тасида иш ташлашлар ва тўсиб қўйиш ҳолатлари қайд этилганини билдирган.
Таълим вазири Эдуар Жеффренинг БФМТВ эфирида айтишича, тартибсизликлар оқибатида 65 нафар мактаб ходими, жумладан, 40 нафар директор жароҳат олган. Юздан ортиқ мактаб биносига зарар етказилган.
Вазир намойишларнинг кенгайишини ижтимоий тармоқлар билан боғлади.
Ички ишлар вазири норозилик ҳаракатларининг кўламини катта ва кутилмаган деб баҳолаган.
У намойишларнинг тез ёйилишини, жумладан, ижтимоий тармоқлар ҳамда ўқувчилар чиқишларини қўллаб-қувватлаётган сўл популистик «Бўйсунмас Франсия» партияси таъсири билан изоҳлаган.
Нунеснинг таъкидлашича, зўравонлик билан боғлиқ вазият ташкилотчилар назоратидан бутунлай чиқиб кетган.
**Белфорда полициячига ҳужум қилинди**
2-октабр куни Франсия шимоли-шарқидаги Белфор шаҳрида олинган видео кенг эътиборни тортган. Унда полиция ходимини ерга йиқитиб, тепкилашаётгани акс этган.
Ички ишлар вазирининг маълумотига кўра, полициячи ҳужум оқибатида ҳушини йўқотган ва шифохонага ётқизилган. Кейинроқ унинг аҳволи жиддий хавотир уйғотмаётгани билдирилган.
Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган. Белфор прокурори тергов доирасида 17 ёшли ўсмир ушланганини маълум қилган. Бироқ унинг ҳужумдаги аниқ роли ҳозирча белгиланмаган.
**Ўқувчилар нимадан норози?**
Дастлабки норозилик аксиялари 21-сентабр куни Париж яқинидаги Кретей шаҳрининг Сент-Экзюпери лицейида бошланган. Кейин улар мамлакат бўйлаб тарқалган.
Юқори синф ўқувчилари синфларда ўқувчилар ҳаддан ташқари кўплиги, ўқитувчилар етишмаслиги ва таълим муассасаларининг ёмон ҳолатидан норози. Шунингдек, улар дарс жадвали ҳаддан ташқари тиғиз эканини айтмоқда.

